Сўнгги йилларда бюджетдан маош олиб ишлайдиган соҳа ишчи-ходимларининг елкасига жуда оғир юклар ортилганига кўп гувоҳ бўлганмиз. Улар мажбурий обуна кўринишида матбуотни, мажбурий меҳнат кўринишида пахта йиғим-терим кампаниясини, темир-терсак тўплаб, оғир саноатни, макулатура йиғиб, енгил саноатни «судраб» келишаётганди. Бундай ҳолатга чек қўйиш мақсадида ҳукумат томонидан кўплаб қатъий чора-тадбирлар кўрилди, қонунлар қабул қилинди.
Афсуски, вазият ҳалигача ўзгармаган.
Ҳали ҳам турли хил жамият ва ташкилотлар бюджетдан маош олиб ишловчи ишчи-ходимлар маошига, уларнинг пешона тери эвазига топган маблағига кўз тикмоқда. «Бюджетчилар» нафақат ўз оиласи, ўз фарзандларини, балки мана шундай соҳаларни ҳам «боқиш»га мажбурлиги ачинарли ҳол.
Хоразм вилояти, Урганч шаҳридаги умумтаълим ўрта мактабларининг ишчилари, педагог ходимлари маошидан (диққат!) Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси ва Қизил ярим ой жамияти учун пул ушлаб қолингани аниқланди.
Вазиятга ойдинлик киритиш учун Урганч шаҳар Халқ таълими бошқармасидан изоҳ сўрадик, бухгалтерия бўлимида ҳужжатлар билан танишдик. Натижада, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига ҳар ойда (!) энг кам иш ҳақининг 2 фоизи миқдорида (4 055 сўм) ва Қизил ярим ой жамияти учун энг кам иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида (10 136 сўм) бир марталик маблағ ушлаб қолингани маълум бўлди.
Ҳужжатларга кўра, бу тадбир шаҳар ҳокимлигининг тавсияси (эсда тутайлик) ва ушбу ташкилотларнинг илтимосномасига асосан ташкил қилинган. Шундан сўнг, барча мактабларда бу мавзуларда йиғилиш ўтказилиб, ҳамма бир овоздан буни маъқуллаган. Баённомалар расмийлаштирилиб, ўқитувчилар, ишчи-ходимларнинг имзоси йиғилган. Ҳа, ҳужжатларга эътироз билдириб бўлмайди.
Аммо бундай мажлисларнинг қандай ўтказилиши, баённомаларнинг қандай расмийлаштирилиши, қарорлар қандай қабул қилинишини соҳа ходимлари жуда яхши билади. Гапнинг лўндасини айтадиган бўлсак, раҳбарнинг таклифи ва тавсияси маъқулланади, унга ҳеч ким эътироз билдирмайди (билдиролмайди ҳам), қарор бир овоздан қабул қилинади.
Урганч шаҳрининг ўзида 3 мингга яқин педагог ходимлар ишлашини инобатга олсак, бунга Хоразм вилояти туманларидаги ўқитувчилар сонини ҳам қўшадиган бўлсак, соҳа ходимларининг маошига «қувурини улаб олган» жамиятлар яхшигина маблағ тўплаб олиши мумкин - «тома-тома кўл бўлур», деган доно аждодларимиз.
Урганч шаҳар ҳокимлиги хатида бу ташкилотларнинг фаолиятини маблағ билан таъминлашда фаол иштирок этиш тавсия қилинган. Ҳа, айнан тавсия! Аммо, тавсия кейинчалик ҳайрон қоларли тарзда кўрсатма ва мажбуриятга айланиб қолиши ҳеч кимга сир эмас.

















