Тахир ва чучмал мавзу. Одатий ҳолга айлангани учун ёзишдан олдин минг мулоҳазага боришга мажбур қилгани рост. Лекин, мазкур материал орқали минглаб тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилиш имконияти ҳам бордек... 

Танганинг иккинчи томони ҳам бор. «Тадбиркорнинг оддий аҳолига қараганда маблағи кўп. Саховатпешалик қадим-қадимдан улуғланиб келган. Ҳомийлик қилса қилибди-да?» дейдиганлар ҳам топилади. Бироқ тадбиркор ҳам пулни кўчадан супуриб олмайди. Кейин ҳомийлик норизо бўлиб эмас, рози бўлиб қилинадиган ҳаракат.

Навбатдаги мурожаат қуйидагича. Тадбиркор йигит Фаёзхон Шукуров Андижон шаҳри, Бобур шоҳ кўчаси, «Саноат» МФЙ ҳудудидан бино сотиб олган. Кўримли ва катта бино. Мақсади, ҳудудда меҳмонхона очиш эди. Ўзи ҳам фойда кўради, аҳоли ишли бўлади. Буёқда оммавий ахборот воситалари «Тадбиркорликка кенг йўл» деб бонг уряпти.

Сотиб олинган бинонинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун иншоотнинг тўрт томонидаги қўшнилари билан келишув далолатномаси тузилиши керак экан. Ён қўшнилар барчаси имзо чекиб беришди. Ўша далолатнома пастига МФЙ раиси муҳри ва имзоси қўйилиши белгилаб қўйилган.

Шу сабабли, тадбиркор «Саноат» МФЙ раисига учрайди. Маҳалла оқсоқоли Муҳаммаджон Қодиров муҳр ва имзо қўйиш учун шарти борлигини айтади. Шарт шундай эди: 1 килограммдан алоҳида-алоҳида 3 килограмм гўшт, 12 идишда 4 донадан нон ва бозорлик қилиб, МФЙ оқсоқоли айтган хонадонларга олиб бориб берса, шу заҳоти муҳр ва имзо қўйилар экан. Оқсоқол ҳомийлик жараёни суратга олиб кўрсатилишини талаб қилади. Яна маҳалла кўчасидаги ариқни тозалаб, чиқиндиларни йиғиштириш кераклиги ҳам айтилган.

Майли тозалик керак. Лекин тадбиркор ҳам инсон. У ҳам ҳар хил шароитда бўлади. Ишбилармон йигит айни пайтда молиявий аҳволи яхши эмаслигини тушунтириб, ишлари юришиб кетиши билан маҳаллага ёрдам беришни ваъда қилган. Бунга жавобан маҳалла оқсоқоли, ишлари яхши бўлиб кетганда келса, ҳужжатларга қўл қўйиб беришини билдиради.     

Тадбиркор МФЙ раисига мажбурий ҳомийлик қилдиришга ҳаққи йўқлиги ҳақида айтган гаплари беэътибор қолади. Тадбиркордан тезда маъмурий бинони тарк этиш талаб қилинади.

Тадбиркор жараённи видеога тушириб олган.

«Мен мутасаддига мажбурлаш йўли орқали таъмагирлик қилаётганини айтдим. У ўзининг котиби, ёрдамчиси билан биргалашиб мени МФЙ биносидан ҳайдаб солди ва мени ҳақорат қилганликда айблаб, сунъий жанжал келтириб чиқарди», дейди тадбиркор.