15:40 / 12.12.2018
10697

Ҳукуматнинг пиллачилик соҳаси бўйича янги қарори кутиляпти

Фото: Getty Images

Вазирлар Маҳкамасининг “Пиллачилик соҳаси корхоналарининг молиявий фаолиятини барқарорлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2003 йил 9 сентябрдаги 390-сон қарорига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси тайёрланди.

Ҳужжат ипак маҳсулотларини, шу жумладан пилла ва ипак хом ашёларини қайта ишлаш натижасида олинадиган чиқиндиларни экспорт қилиш тартибини соддалаштириш, шунингдек, маҳаллий ипак маҳсулотлари экспорт ҳажмини ошириш ва диверсификациялаш мақсадида қабул қилиниши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг “Пиллачилик соҳаси корхоналарининг молиявий фаолиятини барқарорлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2003 йил 
9 сентябрдаги 390-сон қарори 3-бандининг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

“истисно тариқасида, “Ўзбекипаксаноат" уюшмаси таркибига кирувчи ташкилотларга ипак ипининг бўш қолдиқларини, шунингдек ишлаб чиқарилаётган қуруқ пилланинг 50 фоизгачасини, шу жумладан, ипак чиқиндилари (титишга яроқсиз пилла, ипак ипи чиқитлари ва титилган хомашё)ни жаҳон даражасига мувофиқ бўлган нархларда экспортга, шу жумладан, товар-хомашё биржалари орқали эркин алмаштириладиган валютага ва миллий валютага сотишга рухсат берилсин”.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Н.С. Отажонов, Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Ж.А. Хўжаев ва “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Б.Қ. Шарипов зиммасига юкланади.

Top