Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекциясининг “Электр энергиясини етказиб бериш, транспортировка қилиш, тақсимлаш ва сотишдаги йўқотишларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан электр энергиясини етказиб бериш, транспортировка қилиш, тақсимлаш ва сотишдаги йўқотишларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.
Низомга кўра, “Ўзбекэнерго” АЖ ҳар ойда бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган электр энергияси ҳажми ва тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ҳажм ўртасидаги тафовут мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига тақдим этади. Тақдим этилган маълумотлар асосида Бюро ҳудудий электр тармоқлари корхоналари билан биргаликда тафовутнинг вужудга келиш сабабларини аниқлаш бўйича белгиланган тартибда чоралар кўради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 75-бандига асосан, истеъмолчи тармоғининг транзит узатишда қатнашган қисми, электр энергиясини узатишдаги технологик сарфнинг ягона электр энергетикаси тизимига тегишли қисми бўйича “Электр энергиясини электр тармоқлари бўйлаб узатиш ва тақсимлашда технологик йўқотишларнинг нормативларини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”нинг 5-формуласига асосан ҳисобланадиган технологик йўқотишларнинг абсолют миқдорига қўшиб ҳисобланади.
Агар истеъмолчи эгаси бўлмаган ёки эгаси номаълум бўлган ёхуд эгаси эгалик қилишдан воз кечган электр тармоғи хўжалиги объекти орқали электр энергияси билан таъминланаётган бўлса, ўзларининг электр тармоқларидан бундай объектлар орқали электр энергиясини етказиб бераётган ҳудудий электр тармоқлари корхоналари улардаги технологик йўқотишларни ўзларига тегишли электр тармоқларидаги технологик йўқотишлардан алоҳида ҳисоблайдилар. Бунда эгаси бўлмаган ёки эгаси номаълум бўлган ёхуд эгаси эгалик қилишдан воз кечган электр тармоғи хўжалиги объекти ҳудудий электр тармоқлари корхоналари балансига қабул қилинган ёки қилмаган тақдирда, улардаги технологик йўқотишлар ушбу корхоналарнинг технологик йўқотишларида ҳисобга олинади. Амалга оширилган ҳисоб-китоб миқдорлари технологик йўқотишларнинг абсолют миқдорига қўшиб ҳисобланади.
Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи, тақсимловчи ва сотувчи корхоналар ҳар йили 1 сентябргача келгуси йил учун “Электр энергиясини электр тармоқлари бўйлаб узатиш ва тақсимлашда технологик йўқотишларнинг нормативларини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома” асосида тармоқларидаги электр энергиясини йўқолишларини ҳисоблайдилар ва “Ўзбекэнерго” АЖга тақдим этадилар. Бунда бирламчи маълумотлар электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи, тақсимловчи ва сотувчи корхоналар раҳбарлари, бош муҳандислари, бош ҳисобчи ҳамда масъул бўлим бошлиқлари имзолари билан тасдиқланиши лозим.















