Ўзбекистон | 10:50 / 13.12.2018
23852
3 дақиқада ўқилади

Сенатда давлат тили мақоми бўйича танқидий фикрлар билдирилди

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

2019 йилда «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг қабул қилинганига 30 йил тўлади. Мустабид тузум ҳукмронлиги даврида халқимизнинг ўзига хос жасорати тимсоли сифатида қабул қилинган ушбу Қонун ижроси йиллар давомида деярли ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги аниқланди, деб ҳисоблайди Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Сенатининг XVII ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Унда нутқ сўзлаган Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев давлат тили мақоми ҳақида гапириб, бу борада қонун амалда ижро этилмаётганига эътибор қаратган.

«Биз доимо қонун, ижроси билан кучли эканлигини, жамиятда қонун устуворлиги, аввало, унинг ижроси қай даражада таъминлангани билан боғлиқлигини кўп таъкидлаймиз. Афсуски, ҳатто қонун ижросини таъминлашга бевосита масъул бўлган вазирлик ва идораларда ҳам бу ҳақиқат моҳияти тўлиқ англаб етилгани  йўқ», - дейди у.

Раиснинг сўзларига кўра, тилнинг ижтимоий онгни шакллантирувчи муҳим омил саналишига ва инсон қайси тилда сўзласа ва фикрласа, ўша тилдаги мафкурага мойил бўлишига аҳамият қаратилмаган.

«Аксинча, Қонун ижросини назорат қилишга масъул бўлган парламент ҳузуридаги Доимий тил комиссияси ҳамда Атамашунослик қўмитаси фаолиятлари тугатилди, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш ишлари эса, белгиланган муддатда тўлиқ якунига етказилмади.

Қонунда жавобгарликка тортишга асос бўлувчи нормалар мавжуд бўлса-да, қонун нормаларининг мунтазам бузиб келинаётгани учун бирон-бир айбдор шахс белгиланган тартибда жавобгарликка тортилмади. Аччиқ бўлса-да, айтишга тўғри келади – бу ҳолат қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ўрнига, уни маълум маънода рағбатлантирмоқда», - дейди Йўлдошев. 

Маълумот учун, Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилган 154та норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг иловалари давлат тилида тасдиқланмаган.

Шунингдек, 2018 йилда қабул қилинган вазирликлар, давлат қўмиталари ва агентликларнинг 34та қўшма қарори ҳам давлат тилида эмас.

Мавзуга оид