Спорт | 12:40 / 13.12.2018
39493
5 дақиқада ўқилади

Томас Мюллер – тентакми? Амстердамда қирпичоқ ўйин

Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг охирги кунидаги энг қизиқарли ўйин кутилганидек Украина пойтахти Киевда эмас, Нидерландия пойтахти Амстердамда бўлиб ўтди. 

«Аякс» – «Бавария» – 3:3
Голлар: Тадич, 61; Тадич, 82-пен; Тальяфико, 90+5 – Левандовски, 13; Левандовски, 87-пен; Коман, 90.
Аякс – Онана, Мазрауи, де Лигт, Вебер, Тальяфико, де Йонг, Блинд, ван де Бек (Дольберг, 78), Зиёш, Тадич, Нерес (Хунтелар, 89).
Бавария – Нойер, Рафинья, Зюле, Боатенг, Алаба, Гнабри (Алькантара, 62), Киммих, Горетцка (Саншеш, 89), Рибери (Коман, 71), Левандовски, Мюллер.
Огоҳлантиришлар: Киммих (28), Рафинья (37), де Лигт (40), Блинд (63), Тальяфико (90).
Четлатишлар: Вебер (67), Мюллер (75).

Охирги тургача кейинги босқич масаласини ҳал қилиб бўлган икки жамоа гуруҳ ғолибини аниқлаш мақсадида майдонга тушишди. Мюнхенликлар биринчи ўринда қолиши учун мағлуб бўлмасликлари керак эди.

Жамоаларнинг биринчи даврада Мюнхенда кечган учрашувида ҳам дуранг ҳисоби қайд этилган, ўшанда амстердамликлар ғалабага ҳақли ўйин кўрсатишганди. 

Бундеслигада омадсиз старт қайд этган ва айни вақтда Дортмунднинг «Боруссия»сидан 9 очко ортда қолиб, турнир жадвалида учинчи ўринда бораётган «Бавария» гуруҳ масаласи ҳал бўлган бўлсада, Амстердамдаги ўйинга жанговар таркибни туширди. Бу таркиб ўйиннинг илк дақиқалариданоқ ташаббусни қўлга олди, Серж Гнабри 10-дақиқагача иккита гол уриши мумкин эди, аммо у ўз имкониятларидан фойдалана олмади. Унинг биринчи зарбасига аниқлик етишмаган бўлса, иккинчи уринишини рақиб дарвозабони Онана бартараф этди. Аммо у бўлим давомида бошқа бир жамоадоши гол уришини таъминлади, унинг ҳимоячилар орасидан ўтказиб берган пасидан кейин Левандовски дарвозабон билан яккама-якка чиқиб бориб, осонлик билан ҳисобни очди.

Танаффусга «Бавария» катта устунлик билан йўл олиши мумкин эди, аммо Рибери ва Левандовски қулай вазиятларни йўққа чиқарди. Бўлим охирида эса «Аякс»да ҳисобни тенглаштириш учун имконият пайдо бўлди, аммо Нойер Зиёшнинг зарбасини қайтарди.

Иккинчи бўлим воқеаларга бой бўлди. Бўлим қаҳрамонлари ўйин ҳаками Клеман Тюрпен ҳамда меҳмонлар ҳимоячиси Жером Боатенг бўлишди. 61-дақиқада Тадич ҳисобни тенглаштирганидан кейин футболчилар қизиша бошлашди. Шундан кейин икки томондан биттадан футболчига қизил карточка кўрсатилди.

Аввалига, 67-дақиқада Макс Вебер Леон Горетцкани йиқитгани учун майдондан четлатилди.

Ҳакамнинг қарори адолатли дейиш мумкин, аммо бир кун олдин бошқа бир ҳакам Дамир Скомина «Ливерпуль» ҳимоячиси Виржийл ван Дейкка бундан ҳам қўполроқ ҳаракат учун сариқ карточка кўрсатиш билан кифояланганди.

Вебернинг қўполлиги учун қизил карточка кўрсатиш керак бўлса, Мюллернинг бу ҳаракатлари учун бошқа рангдаги карточка жорий этиш керак. Германиялик футболчи ўйиннинг 75-дақиқасида ЖЧ-2010 антиқаҳрамонларидан бири Найжел де Йонг режимини ёқди.

Ҳужумчи рақиб ҳимоячиси Николас Тальяфиконинг бошига бутсасининг остки қисми билан зарба берди.

Бу даҳшатли зарбадан сўнг майдонда аргентиналик ҳимоячининг бошига чок тикишди. Футболчи ўйинни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. Мюллер эса ўзига қизил карточка кўрсатилишидан ҳайратга тушди.

Тальяфико майдонда қолгач, ўз жамоаси дарвозаси томон пенальти белгиланишига ҳам сабабчи бўлди. 

Лекин ундан олдинроқ, 82-дақиқада мюнхенликлар ҳимоячиси Жером Боатенг жамоаси жарима майдонида Дольбергга қўполлик қилди ва белгиланган пенальтини Душан Тадич дублни расмийлаштирди.

Кўп ўтмай, 87-дақиқада Тальяфико Жером Боатенгни жарима майдони ичида йиқитгач, Левандовски пенальтидан дублни расмийлаштириб, ҳисобни тенглаштирди. 

Аммо меҳмонлар дуранг натижага қониқишмади ва олдинга ташланишди. 90-дақиқада Коман «Бавария»нинг учинчи голини урди. Бу ҳали ҳаммаси эмасди.

Ўтказилган голда ўзини айбдор ҳис қилган ҳимоячи Тальяфико ҳужумчига айланди, Хунтелар рақиб жарима майдонига ёриб кириб, тўпни дарвоза қаршисида бўш турган Тальяфикога узатди. Бу тўпни тўсишга уринган Никлас Зюле автогол муаллифига айланди.

Гуруҳда немислар биринчи, нидерландлар иккинчи бўлди.

«Бавария» ва «Аякс» «Барселона», «Порту» ва «Лион» қаторида ЕЧЛ гуруҳ босқичида мағлубиятга учрамаган 5 жамоа ичида бўлди.

Мавзуга оид