Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон президентининг қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Унда маълумот берилишича, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши томонидан таълим муассасалари ва автодромларни уларнинг асосий воситалари, ўқув ва моддий-техник базаси билан биргаликда мулк қилиб давлатга беғараз бериш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги таълим муассасалари ва автодромларни уларнинг асосий воситалари, ўқув ва моддий-техника базаси билан бирга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида қабул қилиб олади.
Мудофаа вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказлари ташкил этилади.
Марказга Мудофаа вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.
Марказлар фаолияти ташкил этилгунга қадар чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш амалдаги тартибга мувофиқ амалга оширилади.
Марказларга автомототранспорт воситаларининг ҳайдовчиларини, шунингдек, оммавий техник касбларнинг бошқа мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича жисмоний ва юридик шахсларга пуллик хизматлар кўрсатиш ҳамда ҳайдовчилар ва оммавий техник касбларнинг бошқа мутахассисларини тайёрлаш учун Мудофаа вазирлиги бўлинмаларининг ўқув ва моддий-техник базасидан беғараз фойдаланишга рухсат берилади.

















