Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 октябрдаги “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3982-сонли қарорини амалга ошириш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар, уларнинг оила аъзоларига Ўзбекистон Республикасига кўп маротабали ҳамда узоқ муддатли кириш визаларини расмийлаштириш ва уларни ички ишлар органларида вақтинча прописка қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Низомга кўра, қуйидагилар:

Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида доимо истиқомат қиладиган ёки таълим олиш, меҳнат фаолияти билан шуғулланиш, оилавий сабаблар ва бошқа шароитлардан келиб чиқиб вақтинчалик чет элда юрган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

хорижга чиққан ва чет эл фуқаролигини олган, Ватанига маънавий ва маданий нуқтаи назардан мансубликни ҳис қилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан маданий-гуманитар, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилаётган Ўзбекистондан чиқиб кетган шахслар ва уларнинг авлодлари;

этник, тил ва маданий-тарихий нуқтаи назардан ўзини ўзбеклар ёки қорақалпоқлар сифатида идентификация қилган ҳамда Ўзбекистон билан ҳар томонлама алоқада бўлиш хоҳишида бўлган хорижда истиқомат қилаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ҳисобланади.

Ватандошларнинг оила аъзосига унинг турмуш ўртоғи, ўз оиласига эга бўлмаган ҳамда вояга етмаган фарзандлари киради. Уларни таклиф қилувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларига  Ўзбекистонда доимий истиқомат қилувчи тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражали қариндошлари киради.

Ватандошларни Ўзбекистон Республикасига таклиф қилувчи  доимий истиқомат жойидаги ИИО МваФРБга мурожаат этиб қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

икки нусхада белгиланган шаклдаги ариза-анкета;

таклиф қилувчининг паспорти (нусхаси олиниб, асли қайтариб берилади);

ватандошларнинг миллий паспорти ёки ҳаракатланиш ҳужжати нусхаси;

таклиф қилувчининг ватандошлар билан қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатлар (никоҳ тузилганлиги ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар, нусхаси олиниб, асли қайтариб берилади);