«Мен ОАВ фаолиятини мунтазам кузатиб бораман. Лекин, афсуски, ислоҳотлар моҳияти, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар ижроси билан боғлиқ муаммолар, аҳоли мурожаатлари юзасидан газета, теле ва радиоканалларда танқидий мақола, кўрсатув ва эшиттиришлар жуда кам», деб таъкидлаб ўтди президент Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан ўтган тантанали тадбирда сўзлаган нутқида.

Ушбу журналистик суриштирувимизда Президент томонидан имзоланган ана шундай қарорлардан бирининг ижроси Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида қандай қилиб пайсалга солингани, тадбиркор ва хорижлик инвесторнинг «тарвузи қўлтиғидан тушгани» ҳақида ҳикоя қилинади.

2018 йилнинг 19 июлида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018-2019 йилларда инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–3874-сонли қарори имзоланганди.

Мазкур қарорнинг 5-иловасига кўра, Сариосиё туманида Афғонистоннинг «Билол Бахир Сари» компанияси билан биргаликда доривор ўсимликлар етиштириш учун 15 гектар ер майдони ажратилиши ва 2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши белгиланган.

Айни пайтда, мазкур топшириққа масъул бўлган сариосиёлик тадбиркорлар зотдор йилқи ва туяқуш боқиш билан муваффақиятли шуғулланишмоқда. Чорва учун ем етиштиришга мўлжалланган майдоннинг 2 гектарида заъфарон (шафран) ўстирилмоқда. Заъфарон ўсимлигининг туганаклари кўпайиб, уларни янада кенгроқ ерга кўчириб ўтқазиш имконияти бор.

Тадбиркорлар Президент қарорига кўра янги ажратиладиган 15 гектар ерда заъфарон, лаванда, алоэ вера каби экспортбоп доривор ўсимликлар етиштиришни мўлжаллашаётган эди.