Спорт | 18:40 / 18.12.2018
7790
2 дақиқада ўқилади

Почеттино «МЮ» бош мураббийлиги учун асосий номзод

«Тоттенҳэм» бош мураббийи Маурисио Почеттино мавсум якунида «Манчестер Юнайтед»га ўтиши мумкин.

Аргентиналик мутахассис – манкунианликлар бош мураббийлиги учун асосий номзод бўлиб турибди.

The Times хабарига кўра, Почеттинонинг шартномасида унинг товон пули миқдори келтирилмаган. «Тоттенҳэм» бир неча марта баёнот бериб, ушбу мутахассисга қизиқиш билдираётган «Реал» билан ҳам, «Манчестер Юнайтед» билан ҳам музокара ўтказмаслигини маълум қилганди.

Шу туфайли, «МЮ» мутахассис учун Лондон клубига шартнома бўйича 4 йиллик маошини – 34 миллион фунтни тўлаб беришига тўғри келади. Почеттино шу йил ёзида янги 5 йиллик шартнома имзолаган, унга кўра йиллик маоши миқдори 8,5 миллион фунтга етганди.

Охирги вақтларда Почеттино «Тоттенҳэм» раҳбариятидан фақат ёш футболчиларга ишонч билдириб, таркибни кучайтириш учун маблағ ажратмаётганидан норозилиги ҳақида хабарлар тарқалганди.

Бугун «МЮ» Жозе Моуриньони истеъфога чиқарди, унинг ўрнига мавсум охирига қадар жамоанинг собиқ футболчиси, Моуриньонинг мураббийлар штабида ишлаган Майкл Кэррик мураббий этиб тайинланадиган бўлди.

«МЮ» бош мураббийлиги учун номзодлар қаторида Лоран Блан ва Зинедин Зидан номлари ҳам тилга олинмоқда.

Мавзуга оид