Иқтисодиёт | 15:28 / 19.12.2018
13180
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк тўлов тизимидаги узилишлар учун 1 млрд сўм жарима солишни таклиф қилди

Фото: Марказий банк

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистонда тўлов тизими ишидаги узилишлар учун энг кам иш ҳақининг 5000 баробаригача ёки 1 млрд сўм (120 минг доллардан ортиқ) миқдорида жарима санкциялари белгилашни таклиф қилмоқда. Бу норма Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасига киритилди.

Қонун лойиҳасида назарда тутилишича, агар тўлов тизими ишидаги узилиш узлуксиз тўлов хизматлари кўрсатилишига таъсир қилса, Марказий банк тўлов тизимини жаримага тортиши, шунингдек, унинг ишида муайян амалиётлар ўтказилишини олти ойга қадар чеклаб қўйиши ёки уч ойгача бўлган муддатга лицензияни тўхтатиши мумкин.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ягона Uzcard миллий тўлов тизими мавжуд. Тизим ишидаги узилишлар сабабли, 15 сентябрдан бошлаб ва уч кун давомида, пластик карталар ҳамда терминаллар ишламади.

Марказий банк ўшанда аҳоли, ишбилармонлар ва ташкилотлар 300 миллиард сўмдан зиёд (36 миллион доллардан зиёд) молиявий зарар кўрганлиги ҳақида хабар берди.

Катта миқдорда моддий зарар етказган ушбу узилишдан кейин Ўзбекистон президентининг қарори эълон қилинди, у Uzcard’нинг Ўзбекистондаги монополияси бекор қилинишини назарда тутади.

Мавзуга оид