Февралда Чемпионлар Лигасида плей-офф ўйинлари бошланади. У пайтгача ҳали вақт бор ва жамоалар айниқса, январь трансфер ойнасидан кейин қандай ҳолатда бўлишлари номаълум бўлса-да, биз асосий жуфтликларга яна бир бор назар ташлаб кўришни лозим топдик.

«Манчестер Юнайтед» — «ПСЖ»

Фото: Srdjan Stevanovic/Getty Images

Агар ўйин эртага бўлганида, ҳаммаси аниқ, топ ўйинларда рақибни ютиш тугул, муносиб қаршилик ҳам қила олмаётган «Манчестер Юнайтед»ни дунёдаги энг кучли ҳужум триоси (баҳсли) чилпарчин қилиб ташлаши муқаррар эди.

Аммо ўйин икки ойдан кейин бўлиб ўтади ва муаммоларни ечиш борасида инглизлар дастлабки қадамни ташлаб улгуришди. Жозе Моуриньо истеъфога чиқарилди. Бу дегани жамоа таркиби масалан, «Ливерпуль»га қарши бўлганидек эмас, бирмунча юлдузлироқ бўлади. Сабаби, Погба, Санчес, Марсиял каби футболчилар мураббий тактикасига мос келмагани учун ҳам четда қолаётганди. Раҳбарият мавсум охиригача жамоанинг собиқ футболчиси Оле Гуннар Сульшерни бош мураббий этиб тайинлади.

Париж жамоаси ҳар жабҳада Европанинг энг кучли таркибига эга бўлиши билан биргаликда, муаммо шундаки, Франция чемпионатида етарлича қаршилик йўқлиги туфайли, еврокубоклардаги топ ўйинларда муаммолар юзага келмоқда. Мисол учун, гуруҳ босқичидаги «Наполи» ва «Ливерпуль»га қарши тўрт ўйиндан атиги биттаси ғалаба билан якунланди, холос. Тўғри, Тухель жамоаси гуруҳда биринчи ўринни олди, аммо аввало, бунинг учун «Црвена Звезда»дан миннатдор бўлиш керак. Айнан серблар асосий рақиблардан очко олиб беришди.

Французларга муаммо туғдирган «Наполи» ва «Ливерпуль»нинг ўхшаш жиҳатлари бор – ҳар икки жамоа ҳам юқори прессингда ўйнашни афзал билади. Асосий қуроли ҳужум чизиғида бўлган «ПСЖ» учун бу анча ноқулайлик туғдирди. Агар Моуриньо Манчестерда қолганда, балки унинг услуби «ПСЖ» учун анча қулай бўлиши мумкин эди. Энди эса, февралда «МЮ» қандай ўйин кўрсатади, қайси услубда ва қандай таркибда бўлади, айтиш қийин. Ҳатто январдаги трансфер ойнаси ҳам инглиз клубини ўзгартириши мумкин.

Яна бир қўшимча интригалардан бири Анхел Ди Мариянинг «Олд Траффорд»га қайтишидир. «МЮ»га тўрт йил олдин катта трансфер билан келган, аммо омади чопмаган футболчи собиқ жамоасига қарши майдонга тушади. Шунингдек, ёш футболчилар ичида ўз вақтида солиштирилган икки ёш ҳужумчи Рэшфорд – Мбаппе қарама қаршилиги ҳам қизиқ бўлса керак. Француз ҳозирда анча олдинлаб кетган, аммо алоҳида ўйинларда буларнинг қайси порлашини тахмин қилиш қийин.