Kun.uz сайтида 2018 йил 16 декабрда эълон қилинган «Сариосиёда Президент қарорида белгиланган лойиҳага тўсқинлик қилинмоқда» сарлавҳали мақолада қайд этилган ҳолатлар юзасидан Сурхондарё вилоят ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосари Анвар Орипов томонидан имзоланган жавоб хати келиб тушди.
Хатда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 19 июлдаги ПҚ-3874-сонли қарорига асосан, Сурхондарё вилоятида 2018–2019 йиллар давомида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида 33та ҳудудий лойиҳа (тармоқ лойиҳаларидан ташқари) амалга оширилиши белгиланган.
Мазкур қарорга киритилган инвестицион лойиҳалар рўйхати жорий йилнинг 2-3 июнь кунлари Сурхондарё вилоятида ўтказилган халқаро бизнес форум натижалари бўйича чет эллик салоҳиятли инвесторлар билан имзоланган меморандумлар ва музокараларда эришилган келишувларга асосан шакллантирилган.
Вилоят ҳокими ўринбосарига кўра, ҳар бир меморандум махсус китобда рўйхатга олиниб, ижроси юзасидан доимий мониторинг олиб борилади.
Қарорга асосан, жорий йилда 16та ҳудудий лойиҳа бўйича 33,1 млн. доллар миқдорида хорижий инвестиция жалб қилиниши белгиланган бўлиб, ҳозирги кунда 34,2 млн.долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинган.
Жойлаштирилган ҳар бир ахборот бўйича жамоатчилик назорати вакиллари ҳамда учинчи шахслар томонидан изоҳ бериш, фикр билдириш имконияти яратилган.
Сурхондарё вилояти ҳокимлигида лойиҳаларни амалга оширгунга қадар фаолият олиб борадиган вилоят мутасадди идоралар раҳбарларидан иборат Ишчи гуруҳ ташкил қилинган.
Вилоят ҳокимлигининг инвестиция котибияти ва бошқармаси ходимлари ҳар бир лойиҳага индивидуал равишда бириктирилган бўлиб, лойиҳаларнинг жорий ҳолати мунтазам равишда кузатиб борилади.
Жорий йилнинг 2-3 июнь кунлари Сурхондарё вилоятида ўтказилган халқаро бизнес форумда Сариосиё туманидаги «Ясмина барака файз» хусусий корхонаси раҳбари Қ.Ҳасанов ва Афғонистоннинг «Bilal Bakhir Sari» компанияси раҳбари Намир Сафи ўртасида доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича 5,2 млн.долларлик меморандум имзоланган.
Лойиҳани амалга ошириш муддати 2019 йилда бўлиб, ҳозирги кунга қадар Сариосиё туманида фақатгина «Ясмина барака файз» МЧЖ томонидан ўзига тегишли бўлган экин ер майдонида тажриба сифатида заъфарон (шафран) ўсимлиги экилган, тупроқ таҳлиллари олинган, хорижий инвестор «Bilal Bakhir Sari» компанияси раҳбари Намир Сафи вилоятга бир неча бор ташриф буюрган, лойиҳани амалга ошириш юзасидан музокаралар олиб борилган, лойиҳани амалга ошириш учун 15 гектар ер майдони танланган. «Bilal Bakhir Sari» МЧЖ эса 2018 йил 15 август куни Узун туманида 629744 рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
















