Ўзбекистон | 16:49 / 21.12.2018
10943
3 дақиқада ўқилади

Бизнесни электр тармоқларига улаш соддалаштирилмоқда

Фото: dgp.mos.ru

Юридик ва жисмоний шахсларни электр тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 Norma’нинг ёзишича, ҳужжатдан мақсад – Жаҳон банки ва ХМКнинг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистоннинг рейтингини янада яхшилаш.

 Ўзгартиришлар 3 ой ўтгандан кейин, яъни 2019 йил 21 мартдан кучга киради. Улар истеъмол қуввати 20 кВт ва ундан юқори бўлган электр таъминоти лойиҳаларини келишиш, шунингдек истеъмолчига худди шундай қувватга эга электр қурилмаларини ишга туширишга рухсатнома бериш жараёнига дахл этади. 

 Электр таъминоти лойиҳаларини келишиш қисмида 3 та янгилик киритилган.

 Биринчидан, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари (ҲЭТК) қуввати 20 кВт.дан юқори бўлган электр энергияси истеъмолчилари учун электр таъминоти лойиҳаларини келишмайдилар, балки кўриб чиқадилар. Бунга 2 иш куни берилади.

Ҳозир иккита жойда – ҲЭТК ва «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси билан келишиш талаб этилади. Фақат инспекция билан келишиш қолади. Бироқ ҲЭТК жараёндан тўлиқ чиқиб кетмайди. Инспекция лойиҳани кўриб чиқиш натижалари бўйича уларнинг таклифларини ҳисобга олади.

 Иккинчидан, инспекциянинг лойиҳаларни келишиш муддатлари ўзгармоқда:

• 1 иш кунида – 1 кВ.гача бўлган электр қурилмалари учун;

• 5 иш кунида – кучланиши 6–10 кВ бўлган электр қурилмалари учун;

• 7 иш кунида – кучланиши 35 кВ ва ундан юқори электр қурилмалари учун.

 Ҳозир 2 иш кунидан иборат ягона муддат амал қилади.

 Учинчидан, қоида жорий этилмоқда: агар келишиш муддати ўтгандан сўнг «Ўздавэнергоназорат» ДИ тегишли хулоса бермаса, у ҳолда электр таъминоти лойиҳаси келишилган деб ҳисобланади.

 Қуввати 20 кВт ва ундан юқори бўлган электр қурилмаларини ишга туширишга рухсатнома бериш қисмида эса – 2 та янгилик. 

 Биринчидан, қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишлари якунланганидан кейин истеъмолчига электр қурилмаларини ишга туширишга рухсатнома бериш масаласини кўриб чиқиш муддатлари табақалаштирилади. У электр таъминоти лойиҳаларини келишиш муддатларига ўхшаш бўлади:

• 1 иш кунида – 1 кВ.гача бўлган электр қурилмалари учун;

• 5 иш кунида – кучланиши 6–10 кВ бўлган электр қурилмалари учун;

• 7 иш кунида – кучланиши 35 кВ ва ундан юқори электр қурилмалари учун.

 Иккинчидан, белгиланишича: қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ташкилотлари рад этиш сабабларини бартараф этиш ва қайта кўриб чиқиш учун ҳужжатларни топшириш ҳуқуқига эга бўлган муддат рухсатнома беришни рад этиш тўғрисида билдиришнома олинган кундан бошлаб 10 иш кунидан кам бўлмаслиги керак.

 Сўровномалар электрон кўринишда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўриб чиқилади.

 Ҳужжат 20.12.2018 йилда эълон қилинган.

Мавзуга оид