Иқтисодиёт | 07:36 / 05.08.2025
1426
2 дақиқада ўқилади

Пешоварда Ўзбекистон ва Покистон тадбиркорлари бизнес-форуми ўтказилади

Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси ходимлари амалий сафар билан Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилояти маркази – Пешовар шаҳрида бўлди.

Фото: "Дунё" АА

Ташриф доирасида Пешовар Савдо-саноат палатаси ва вилоят губернатори маъмурияти билан биргаликда "Минтақавий боғлиқлик: Трансчегаравий савдо" мавзусида бизнес-форум ташкил этилди.

Хайбер-Пахтунхва вилояти губернатори Файсал Карим Кунди ўз нутқида Марказий Осиё ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, сиёсий ва маданий алоқаларни юқори баҳолаб, Ўзбекистон билан минтақавий боғлиқлик ташаббуси доирасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Губернатор, шунингдек, Трансафғон темир йўли лойиҳасининг вилоят ҳудудидан, жумладан, Харлачи шаҳри орқали ўтиши стратегик аҳамиятга эгалигини алоҳида қайд этди.

Форум доирасида Ўзбекистон ва Покистон бизнес алоқаларини ривожлантириш борасида очиқ мулоқот ўтказилди. Икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва Ўзбекистонда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Сафар чоғида Пешовардаги етакчи логистика компаниялари, экспорт ва импорт билан шуғулланувчи ташкилотлар вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказилди. Унда Ўзбекистон орқали Марказий Осиё мамлакатларига юк ташиш имкониятлари, Термиз шаҳридаги "Айритом" халқаро логистика марказидаги шарт-шароитлар, афзалликлар ва у ердаги инвестициявий лойиҳаларнинг истиқболлари муҳокама қилинди.

Пешовар Савдо-саноат палатаси раҳбари Муҳаммад Юсуф Африди Термиз ва Пешовар шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари доирасида нафақат Термиз шаҳри, балки Сурхондарё вилоятининг барча ҳудудлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирди.

Музокаралар натижасида яқин муддатда Пешоварда икки мамлакат тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ўтказиш, Хайбер-Пахтунхва вилояти тадбиркорларининг бизнес-миссиясини ташкил этиш, йил якунига қадар Ўзбекистонда Хайбер-Пахтунхва вилоятида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмасини очиш бўйича келишувларга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид