Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ қатор ҳолатлар фош этилди.

Жумладан, Сирдарё туманида S.U. фермер хўжалиги масъул шахслари “Синдоробод” ва “Халқобод” СИУ ҳудудларидаги ер майдонларида сув насосларини электр тармоғига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан тўғридан тўғри улаган. Натижада 1,1 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган.

Давлатобод туманида эса S.G. МЧЖ раҳбари савдо комплексида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан тўғри уланиб, 558,6 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.

Шунингдек, Олмазор туманида G.B. МЧЖ масъул шахслари ва бошқалар Беруний кўчасидаги кўп қаватли уйларда умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан уланган. Ноқонуний фойдаланилган электр энергияси қиймати 272,6 млн сўмни ташкил этган.

Ўзбекистон туманида “Т.М.” фермер хўжалиги масъул шахслари сув насосини электр тармоғига тўғридан тўғри улаб, 217,8 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Учқўрғон туманида фуқаро И.Н. балиқчилик хўжалигида электр тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан тўғри уланиб, 112 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.

Хўжайли туманида “P.M.” МЧЖ масъул шахслари ғишт ишлаб чиқариш заводида электр тармоғига тижорат мақсадида ноқонуний уланиб, 103,6 млн сўмлик электр энергиясидан фойдалангани аниқланган.

Наманган шаҳрида эса фуқаро М.Ю. “Шодлик” МФЙ ҳудудидаги хонадонида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан тўғридан тўғри уланган. Ушбу ҳолатда 100,1 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, аниқланган еттита ҳолатда ноқонуний фойдаланилган электр энергиясининг умумий қиймати 2 млрд 464,7 млн сўмни ташкил этади.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.