Ўзбекистондаги болалар боғчаларида қандай ноқонуний схемалар мавжуд?
Сентябрь ойида Шайхонтоҳур туманидаги 197-сонли мактабгача таълим муассасасида ота-оналардан келиб тушган шикоят асосида Мактабгача таълим вазирлиги Ички аудит хизмати томонидан ўтказилган аудиторлик текширувидан сўнг прокуратура органлари Жиноят кодексининг 167-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатганди.
14 ноябрь куни муассаса собиқ мудираси давлат манфаатларига етказилган зарарнинг жами миқдори - 426 млн 875,5 минг сўм маблағни тўлиқ тўлагани маълум бўлди. Мудира бунча пулни қаердан топгани номаълум.
Kun.uz мухбири ушбу соҳадаги мутахассислар билан боғланди ва айрим болалар боғчалари раҳбарлари қандай ноқонуний йўллар билан даромад топишаётганига аниқлик киритди.
Сут, сарёғ ва гўшт
Даромад топишнинг энг асосий манбалари. Масалан, боғча мудираси гўшт савдоси билан шуғулланувчи хусусий тадбиркор билан келишади. Болалар ҳар ойда 100 кило гўшт истеъмол қилиши керак, бунинг учун пул ажратилган. Мудира етказиб берувчи билан келишиб олади ва унинг ҳисобига 100 кг гўшт учун пул ўтказади. Етказиб берувчи эса ўтказилган пулни нақдлаштиради ва боғчага бор-йўғи 40 кг гўшт олиб келади. Қолган пулни эса бўлишиб олишади. Айтайлик, 60 кг гўшт 2 млн 400 минг сўм турадиган бўлса, 1,5 млн сўмини мудира, 900 мингини гўшт сотувчи олади.
1,5 млн сўмни 12 ойга кўпайтирсак, 18 млн сўм бўлади. Сут, қаймоқ ва бошқа маҳсулотлар билан ҳам худди шундай схема асосида иш кўрилади.
Қишки захира
Экспертларнинг қайд этишларича, куз-қиш мавсуми арафасида болалар боғчалари захира учун кўплаб сабзавот (картошка, пиёз ва в.б.) сотиб олади. Масалан, болалар боғчасида керакли сабзавотларни захира қилиш учун 10 млн сўм бор. Бу пул таниш фирмага ўтказилади, улар эса пулни нақдлаштиришади. Мудиранинг қўлига 9 млн сўм тегади. Боғча ходимлари бозорга бориб 3 млн сўмлик сабзавот сотиб олишади, қолган пул эса чўнтакка тушади.
Бола кўп бўлса, даромад ҳам кўп бўлади
Масалан, ҳар бир гуруҳда 20тадан бола бўлиши керак. Болалар боғчасида 6та гуруҳ фаолият кўрсатади. Ота-оналар мудирадан фарзандини боғчага қабул қилишини сўрашади. Чунки ота ҳам, она ҳам ишлайди.
«Яхши, болангизни боғчага оламиз, ҳар ойда 150 минг сўм тўлайсиз. Айтганча, хоналарни таъмирламоқчимиз, таъмирлашга 200 минг сўм берасиз», дейди мудира.
Муаммо ҳал бўлди. Асосийси, бола боғчага қабул қилинди.
Ҳисоблаймиз: 6та гуруҳда ўртача 10тадан «ноқонуний» бола бор, ҳар бир бола учун ота-оналар ўртача 150 минг сўмдан тўлашади. Шундай қилиб, мудира ҳар ойда 9 млн сўм ишлайди.
«Ўлик жонлар»
Де-юре: ҳар бир гуруҳда 2тадан тарбиячи бор. Болалар боғчасини 3та қоровул қўриқлайди. Тўрт нафар фаррош тозалаш ишлари билан шуғулланади.
Де-факто: ҳар бир гуруҳда биттадан тарбиячи ишлайди. Боғчани 2та қоровул қўриқлайди. Фаррошлар эса 2 киши .
«Мавжуд бўлмаган ходимлар»нинг маоши чўнтакка тушади.
Юқоридаги «даромадлар»га таъмирлаш ва бошқа мақсадлар учун йиғимлар қўшилади.
Ўзбекистондаги айрим болалар боғчаларида мана шундай схемалар мавжуд.
Мактабгача таълим вазирлигининг қайд этишича, кейинги йилларда тизимда муаммолар тўпланиб қолган ва вазирлик бу муаммоларни ҳал қилиш учун барча чораларни кўрмоқда.
Мавзуга оид
11:24 / 06.11.2024
ИЖҚКДнинг иқтисодий жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилади
11:12 / 29.10.2024
8 йилгача қамоқ жазоси – Жиноят кодексига «лихорадчик»лар учун алоҳида модда киритилди
21:29 / 27.09.2024
Чилонзорда “дом” қурмоқчи бўлган фирма мансабдорлари терговга тортилди
18:26 / 16.09.2024