Жаҳон | 16:56 / 23.12.2018
24878
4 дақиқада ўқилади

Америкача хаос. АҚШ Мудофаа вазири нега истеъфо талаб қиляпти?

​19 декабрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп америкалик аскарларни Суриядан чақириб олишга қарор қилганини айтди. Унга кўра, АҚШ Қуролли кучлари «ИШИД» гуруҳи устидан тўлиқ ғалаба қозониб, уларнинг Сурияда қиладиган иши қолмаган. Айнан «ғалаба» мамлакатдан ҳарбийларни олиб чиқишга туртки бўлган омил сифатида кўрсатилмоқда. 

Президент ташаббусини Конгрессдаги демократлардан тортиб, «ўзиники» бўлган республикачилар ҳам танқид қилишга улгурди. 20 декабрь куни эса АҚШ Мудофаа вазири Жеймс Мэттис истеъфо сўраб, давлат раҳбарига мурожаат қилди. Худди кутилган воқеа, шунақа эмасми?  

АҚШ ташқи сиёсати билимдони, Bloomberg журналисти Илай Лейкнинг фикрича, Мэттиснинг ошкора истеъфо талаб этиши - унинг президент сиёсати билан келишолмай қолганидан кейин юз бермаяпти. Балки, бу ҳаракатлар Трампнинг республикачилар орасидаги легитимлигини шубҳа остида қолдиради. Сурия бўйича билдирилган қарор эса расмий Оқ уй доимо интилган «янги дунё тартиботи»ни чилпарчин қилиб юборади. Асосийси, Вашингтон энди дўстлари ҳақида қайғурмайди. 

Президент хотиржамликни сақлаб, босиқлик билан Мудофаа вазирини ишдан бўшатишини оммага, ҳар галгидек, Твиттер орқали эълон қилди. Ҳодисанинг бундай кўриниш олганини оммага бошқача талқин этиш ҳам мумкин: Трамп Мэттиснинг сўзларига қулоқ солмади ва ўз режасида собит. Менимча ҳам шундай, у охири ўйлаб кўрилмаган режаси бўйича иш қилишни маъқул кўрган. Афтидан, президент АҚШ ҳарбийларини Афғонистондан ҳам чақириб олади. Негаки, Мудофаа вазирини сиёсий қарорлар келишмовчилиги эмас, бундан ҳам муҳим сабаблар Президент жамоаси сафидан чиқишга мажбур қилган. Мэттис бу ҳақда Дональд Трампдан истеъфосини сўраб, зудлик билан ёзиб чиққан мактубида билдиради. 

«Бир миллат сифатида бизнинг кучимиз ҳамкор ва иттифоқдошларимиз билан йўлга қўйилган тизимда эди... Хавфсизлигимизнинг кафили бўлувчи дунё тартиботини сақлаб, уни мустаҳкамлаш учун қўлимиздан келган барча ишни уддалашимиз керак. Бу ишда иттифоқдошларимизнинг метин бўлиши бизга қўл келади... Манфаатларимизга мос бўлмаган стратегик манфаатни илгари сураётган мамлакатларга нисбатан якдил ва собит муносабатимизни сақлаб қолишимиз керак», дейди у мактубда.

Мэттис шонли давлат раҳбарига зимдан илмоқ ташлаб, «ўқни нишонга урди». 

«Сизнинг фикр ва тушунчангиз, бошқа масалалар юзасидан бир хил қарашга эга Мудофаа вазири билан ишлашга ҳақлисиз. Шу туфайли, мен эгаллаб турган лавозимимдан кетишни тўғри, деб биламан», дейди у. Яъни, вазир Дональд Трампнинг АҚШ иттифоқдошларига нисбатан муносабати буёғига ҳам яхшиланмаслигига ишора қилмоқда. Либерал дунё тартиботини сақлаб қолиш учун АҚШ Президенти Мэттисга қулоқ солмагани унинг истеъфо талаб этишига сабаб қилиб кўрсатиляпти. 

Бошқача қилиб айтганда, гап аниқ қадамлар ҳақида эмас, балки америкаликлар ишонган қадриятлар ҳақида кетмоқда. АҚШ иттифоқчиси бўлмиш куртлар ҳам Туркия раҳнамолигини қабул қилса, эътироз билдирувчи республикачилар ҳам кўпайиб кетади. Ундан сўнг, Президентнинг Сенатда гапирадиган кучли аргументи ҳам қолмайди. У 2 йил ичида икки нафар администрация раҳбари, миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчилар, Давлат котиби ва Бош прокурорни алмаштиришга улгурди. Трамп эса бошқарувда. Пентагонда Мэттис уни қўлларкан, Конгрессда ҳеч ким жиддий саросимага тушмаганди. Энди Мэттис ҳам йўқ.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид