Ўзбекистон | 11:32 / 24.12.2018
24136
4 дақиқада ўқилади

«Ўзбеккўмир» хусусий компания бошқарувига топширилди

Фото: LiveJournal

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятини бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.

Қарорга мувофиқ:

“ПрогрессГорТех” МЧЖнинг (Россия Федерацияси) Ўзбекистонда ташкил этиладиган шўъба хўжалик жамияти “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “Ўзбеккўмир” АЖ устав капиталидаги 45 фоиз миқдоридаги акциялари туркумининг ишончли бошқарувчиси сифатида жалб этилади;

ишончли бошқарув даврида “Ўзбеккўмир” АЖнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли акциядорлик жамияти сифатида сақлаб қолинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти самарадорлигини амалга ошириш чора тадбирлари ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилганди.

Белгиланишича:

ишончли бошқарувчи “Ўзбеккўмир” АЖнинг бошқариш учун хорижий мутахассис жалб этиш ҳуқуқига эга;

ишончли бошқарувчининг мукофот пули миқдори аниқ белгилаб қўйилади, у “Ўзбеккўмир” АЖ маблағлари ҳисобидан тўланади, тасдиқланган бизнес-режани бажариш учун ишончли бошқарувчининг ўзлик маблағлари ёки хорижий кредиторларнинг маблағлари жалб этилса, ушбу маблағлар асосланган ҳисоб-китоб ва мустақил аудитор хулосасига асосан “Ўзбеккўмир” АЖ соф фойдаси ҳисобидан қопланади.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖга икки ойлик муддатда ишончли бошқарувчи билан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “Ўзбеккўмир” АЖ устав фондидаги 45 фоиз улушини 3 йил муддатга ишончли бошқарувга бериш бўйича музокара ўтказади ва шартнома тузилишини таъминлайди. “Ўзбеккўмир” АЖ бизнес режаси кўрсаткичлари берилса шартнома муддатини узайтирилиши мумкин.

Шартномада:

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва ишончли бошқарувчи ваколатлари ва жавобгарлигини чеклаш;

ишончли бошқарувчи таклифига кўра ташкилий тузилма ва ижро органи таркибини ўзгартириш;

“Ўзбеккўмир” АЖнинг техник ва ишлаб чиқариш сиёсатини шакллантириш, очиқ кон ишларини амалга оширишнинг истиқболдаги ривожланиш режасини аниқлаш, ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш, инвестициявий ривожланиш стратегияси ва сотиб олиш жараёнига ишончли бошқарувчи таклиф киритиш ҳуқуқига эгалиги назарда тутилади.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖга 2019 йилнинг 1 февралига қадар ишончли бошқарувчининг тавсиялари бўйича 2013-2016 йилларда “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидан олинган кредит ва фоизларни қайтариш муддатини оптималлаштириш бўйича таклиф киритади.

Kartoteka.ru ва ЕГРЮЛ маълумотларига кўра, «ПрогрессГорТех» 2018 йил 15 октябрда Николай Геннадьевич Емельянов томонидан ташкил этилган. У «Селена» МЧЖнинг ҳам таъсисчиларидан бири - Газпромбанк собиқ топ-менежери Дониёр Комилов билан бирга. Маълумот учун: Дониёр Комилов 2010-2014 йилларда Газпромбанкнинг «Управляющая компания — Стратегические активи» ЁАЖ тузилмаси раҳбари бўлган. Шунингдек, 2015-2016 йилларда у «Уралмашзавод» директорлар кенгашига кирган.

Мавзуга оид