Уйдирмачи-журналист мавжуд бўлмаган "қаҳрамонлари" учун пуллар йиғгани маълум бўлди
Бир неча йиллар давомида уйдирма репортажлар ва интервьюлар ёзган ва ҳаттоки улар учун нуфузли мукофотлар билан мукофотланган немис журналисти Клаас Релоциус ўз “мақолалари”нинг қаҳрамонлари учун хайрия важи остида мутолаачилардан пуллар йиғгани маълум бўлди. Бу ҳақда журналист билан ҳамкорлик қилган Der Spiegel немис нашри маълум қилди.
Газета ўқувчилари таҳририятга мурожаат қилиб, журналист шахсий почтаси орқали ёрдам бериш илтимоси билан мурожат қилганини маълум қилишган. Журналист пулларни мақоласининг қаҳрамонлари бўлган суриялик ака-сингил учун йиғаётганини таъкидлаган. Унинг айтишича, ака-сингил ота-онаси ўлимидан кейин Туркияга кун кечиргани йўл олишган.
Релоциус билан бирга юрган фотосуратчининг айтишича, аслида боланинг онаси ҳаёт ва мебель дўконида ишлайди. Унинг синглиси ҳақида эса умуман ҳеч нарса маълум эмас. Нашрда қизнинг тарихи журналист томонидан ўйлаб топилган бўлиши мумкинлиги айтилган.
Журналистнинг таъкидлашича, хайриялар эвазига у ака-сингил учун Германиядан оила топишга муваффақ бўлган. Бироқ бунинг ҳам тасдиғи йўқ.
Релоциус шу йўл билан қанча пул йиғгани ҳозирча номаълумлигича қолмоқда. Газетхонлар пулларни унинг шахсий ҳисоб рақамига жўнатишган. Spiegel таҳририятида пуллардан хабарлари бўлмагани айтилган ва бу ҳақдаги барча маълумотни ҳуқуқ-тартибот идораларига беришга ваъда берилган.
19 декабрда Релоциус 7 йил давомида газета учун репортажлар ва интервьюлар тўқиб чиқаргани маълум бўлди. У мақолаларни сохталаштиргани билан боғлиқ 14 та ҳолатни тан олган. Журналист ўз вақтида Германияда йил журналисти деб топилган, Forbes нашри эса уни 30 нафар истиқболли ёш журналистлар қаторига киритган.
Таҳририят ушбу ҳодисани тергов қилиш учун махсус комиссия ташкил этди. Нашрда журналист тан олганидан кўпроқ сохта мақолалар ёзган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.