«Локомотив» ҳужумчиси Сардор Рашидов Осиё Кубоги олдидан журналист Хайрулла Ҳамидовга интервью берди.
Суҳбат давомида Сардор Ўзбекистон терма жамоасининг октябрь ва ноябрь ойларидаги йиғинларига чақирилмагани нима сабабдан рўй бергани, сўнгги йилларда ўйинида пасайиш кузатилаётгани, Осиё Кубогидаги рақиблар ва бошқа шу каби мавзуларда сўз юритди.
– Эшитишимизча, Сурия билан ўртоқлик учрашувидаги ўйинингиз терма жамоа мураббийларига ёққан, аммо видеоёзувни кузатишганидан сўнг уларда Рашидов ҳимояга қайтиб ўйнамас экан, деган эътироз уйғонган. Бу қанчалик рост?
– Ҳимояга ёрдами тегмайди, дейишгани ҳақида ўзим ҳам эшитдим. Тўғриси, ўзим ҳам тан оламан, юз фоиз орқага қайтиб, ҳимоявий ўйин кўрсатишга унчалик ҳам йўқман.
Қатар ва Австралия билан ўйинларда жароҳатим ҳам бор эди. Чақирилган тақдиримда ҳам, терма жамоага ёрдам бера олмасдим. Орқага қайтиб, [ҳимояга] ёрдам бермаслигим, мен учун дарс бўлди. Мураббийнинг айтган сўзини эшитдим. Келгуси ўйинларда орқага қайтиб, жамоага ёрдам бериб, мураббий хоҳлаганидек йўл тутишга ҳаракат қиламан.

– Қатарнинг «Ал-Жаиш» клубида ўйнаган пайтингизда Ламушининг ҳам услуби шунақароқ бўлган. Ўйинни ҳимоядан ташкил этиш услуби Куперда ҳам азалдан бор. Шундан келиб чиқсак, балки сизга осонроқ бўлар? Ёки Ламуши ва Купер тактикаси ўртасида фарқ борми?
– Ламуши ҳужум уюштирадиган уч нафар футболчига ортга қайтишни тавсия қилмасди. Улар олд чизиқда қолиб, фақат гол уриш ва жамоага ғалаба олиб келишини кўпроқ хоҳларди. Энди, у – араб футболи.
Купер – Европа футболини кўрган мураббий. Ҳар бир мураббийнинг ўз қараши бор. Имконият берилса, бор кучимиз билан ҳаракат қилиб, гол уриш керак бўлганда гол уриб, жамоага ёрдам беришга интиламиз.
– Тўрт йил олдинги Осиё Кубогида ҳам қатнашгансиз. Саудия Арабистони билан ўйинда дарвозабоннинг оёқлари орасидан гол ургандингиз. Мухлислар ўша Сардор Рашидовни кутишяпти. Лекин охирги 1-2 йил «Локомотив»да кўпроқ захирада қолиб кетяпсиз. Бу жароҳат билан боғлиқми ёки ростдан ҳам ўйинингизда пасайиш бўлдими?
















