Ҳар гал ОАВда «қичқириқли» сарлавҳа билан Ўзбекистонга йирик инвестиция ётқизилиши, тез орада катта завод ва кўп иш ўринлари яратилиши ҳақида ўқиганимда ичимдан бир ўй ўтади: шу хабар ўқувчиларимизга қизиқми? Уларнинг қалби овози нималар ҳақида гапиряпти? Аслида халқ нимани истайди? Иш соатлари тугаб, кун қорайиб қолган бир пайтда шулар ҳақида ўй суриб, антиқа ғоя пайдо бўлди. Қишлоққа йўл олиб, барчасини кўзим билан кўрсам, ҳудудларда яшаётган кишилар билан суҳбат қилсам-чи? Ўйчи ўйлагунча, таваккалчи ишини битказади. Ўзимга шундай деб далда бериб, Фарғона вилоятининг Риштон туманини кўзлаб, манзилга равона бўлдим. 

Видео:Youtube.com


Tas-IX

https://mover.uz/video/embed/59KO0P8m/

 

Риштон деҳқон бозори

«Юртга келсанг, бозорга бор»

Бежиз шарқ халқлари юртнинг бозори ва мозорини зиёрат қилишмаган. Бу ерда барча янгиликлардан воқиф бўласиз, нарх-наво, кишиларнинг кайфиятига қараб, мамлакатда олиб борилаётган сиёсат ҳақида тушунча ҳосил бўлади. Шундай қилиб, Риштоннинг марказий деҳқон бозорида тинмай савдо қилаётган кишилар билан суҳбат қилишни бошладим. 

Кутилмаганда (аслида, кутгандим) бозор раҳбарининг маънавий ишлар бўйича ўринбосари (ўйлаб топганим йўқ, рост, ўзи шунақа таништирди) менга пешвоз чиқиб, «бозорда съёмка бошлаган» кимлигига қизиқди. Ҳар ҳолда тушунган, яхши инсон экан-у,  мендан кўра кўп иши бор. Негаки, у билан суҳбатимиз якунига етмай, ўртага тадбиркор аёл аралашди. У бозор маъмурияти, туман ҳокимиятидан норози, мулкига зарар етганлардан бири. У ҳақда Kun.uz ёзганди. Афтидан, мақоладан сўнг бузиш ишлари тўхтабди, аммо етказилган зиён қопланмаган. 

Фарғона водийсида мева-сабзавотнинг нархи анча паст, айниқса узум қиш кунларида ҳам мўл, арзон пулланмоқда. Гўшт тўғрисида ҳам шундай дейиш мумкин. Аммо, бозорда сотилаётган маҳсулотлар ичида печка ҳам борлиги мени ҳайрон қолдирди. Сотувчининг растасига яқинлашсам, бу ижтимоий тармоқларда машҳур печкачи Дима Қаюмнинг дўкони бўлиб чиқди.