Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси (АЭС) иншоотини қуриш учун муносиб майдон излашга доир ишлар фаол олиб борилмоқда. Шу билан бирга, станцияни қуриш бўйича қонунчилик базасини тайёрлаш ҳамда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги атом энергетикаси йўналишидаги ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Мазкур масалалар ўтган ҳафта Тошкент шаҳрида Ўзбекистон парламентарийлари ва «Росатом» давлат корпорацияси бош директори биринчи ўринбосари, «ИК» АЖ президенти Александр Локшин бошчилигидаги РФ делегацияси учрашуви давомида батафсил муҳокама қилинди. Александр Локшин Kun.uz мухбирига берган эксклюзив интервьюсида лойиҳага оид ишларининг бориши ва станция қурилиши режалаштирилган сана ҳақида сўз юритди.

Фото: KUN.UZ

- Сизнинг Ўзбекистонга ташрифингиз лойиҳани амалга ошириш доирасидаги амалий иш ҳисобланади. «Ўзатом» АЭС қурилишини 2020 йилда бошлашни мўлжалламоқда, ишлар белгиланган вақтда бошланадими?

- Умид қиламизки, ҳа. Ҳозир станциянинг жойлашуви билан боғлиқ салоҳиятли эҳтимолий майдонларни ўрганишга доир интенсив ишлар кетмоқда. Март ойининг охирига бориб майдон танлови бўйича қарор қабул қилинишига умид қиляпмиз. Бу вақтга келиб лойиҳани амалга ошириш бўйича тадқиқот ишлари тугалланади, режага кўра, бу 2019 йилнинг охирларига бориб тақалади, АЭС қурилиши тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши кутилмоқда. Шундан кейингина тайёргарлик даври ишларини бошлаш мумкин бўлади. Бу саноат базаси, турар жойлар, инфратузилмаларнинг қурилиши демакдир, яъни бўлғуси АЭС майдони ҳудудида ҳаёт қайнай бошлайди. АЭС қурилишига эса 2021 йил охири - 2022 йил бошида, регулятордан тегишли лицензия олгандан кейин киришишга умид қиляпмиз.

- Яъни 2020 йилга бориб қурилишнинг бошланғич босқичи бошланиб, кейин атом станцияси қурилишига ўтилади, шундайми? Жараён қанча вақт давом этади?

- Шартли равишда оладиган бўлсак, станция қурилиши муддати - бу реактор корпуси асосига биринчи бетоннинг қуйилиш вақтидан то станцияни тармоққа улашгача бўлган вақтни ўз ичига олади. Дастлабки графикка кўра, бу давр 2022 йилдан 2028 йилгача бўлиши режалаштирилган. Бу муддатга риоя қилиш муаммо эмас, зеро биз бу борада тегишли тажрибага эгамиз. Боз устига, биз серияли лойиҳа қурамиз - Нововоронежда референт станциямиз бор. Биз дунё бўйлаб жуда кўп станциялар бунёд қиляпмиз, Ўзбекистондаги АЭС қурилиши даврига бориб эса, янада кўпроқ тажриба тўпланади. Ҳар бир мамлакатдаги дастлабки даврнинг давомийлиги ҳар хил бўлиши мумкин. Биз мамлакатда биринчи атом станциясининг қурилиши – янги саноатни яратиш экани ҳақида кўп гапирамиз. Бу жараёнларнинг муваффақиятли ва ўз муддатида амалга оширилишида кўп нарса мамлакатлараро ҳамкорликка боғлиқ. Бизнинг мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик даражасини эса жуда юқори баҳолаймиз. Биз регулятор органлар, эксплуатация қилувчи ташкилотни шакллантириш, атом соҳаси учун қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани яратишда максимал даражада кўмак беришга тайёрмиз.