Ўзбекистон | 12:40 / 27.12.2018
36777
2 дақиқада ўқилади

Давлат солиқ қўмитаси раисига яна 3 нафар ўринбосар тайинланди

Фото: Халқаро пресс-клуб

Тошкент тумани ҳокими Ҳотамбек Анварович Шакиров Давлат Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.

Давлат Солиқ қўмитаси матбуот хизмати Kun.uz’га хабар қилишича, қўмита раисига жами 4 нафар ўринбосар тайинланган.

1970 йилда туғилган Ҳотамбек Шакиров 1993 йили Тошкент электротехника алоқалар институтини (ҳозирги Тошкент ахборот технологиялари институти), 2004 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. У солиқ органлари тизимидаги фаолиятини 1999 йилда бошлаган. 2015 йил мартидан 2017 йил июлига қадар Давлат Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари бўлган, 2017 йилнинг июль ойи охирида янгидан ташкил этилган Тошкент туманига янги ҳоким этиб тайинланганди.

Шунингдек, Ҳисоб палатасида сектор мудири сифатида фаолият кўрсатиб келган Баҳодир Тўхтамишевич Туробов (у турли йилларда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатида раис ўринбосари,  «Ўзпахтасаноатэкспорт» компаниясида бошқарма бошлиғи бўлиб ҳам ишлаган) ҳамда қўмитанинг ички хавфсизлик бошқармасида ишлаб келган Мирзиёд Мирвоҳидович Маҳкамов ҳам Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида иш бошлаган.

Бундан аввалроқ Иқтисодиёт вазири ўринбосари Мубин Мирзаев Солиқ қўмитаси раисига биринчи ўринбосар бўлгани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг июнида Солиқ қўмитаси раиси ўринбосарларидан бири Нормат Тўлқинович Турсунов Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимига ўтказилган, Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Олимжан Элчиевич Файзибоев эса Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланганди. Айни вақтда Олимжон Файзибоев лавозимини сақлаб қолган. Қўмита раиси ўринбосарларидан бири, 2010 йилдан буён шу лавозимда ишлаб келган Эркин Файзиевич Гадоев эса Молия вазирлиги тизимига ўтказилган.

Мавзуга оид