Италия чемпионатининг 18-тури доирасида «Аталанта» Туриннинг «Ювентус» клубини қабул қилди. Бергамодаги «Атлети Адзурри» стадионида кечган учрашув 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. 

Ўйиннинг 2-дақиқасидаёқ туринликлар олдинга чиқиб олишди — «Аталанта» ҳимоячиси Берат Жимсити ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди. 24-дақиқада мезбонлар Дуван Сапатанинг голи эвазига ҳисобни тенглаштиришди. 53-дақиқада учрашув бош ҳаками «Ювентус» яримҳимоячиси Родриго Бентанкурга иккинчи сариқ карточкани кўрсатди ва меҳмонлар бир киши кам бўлиб қолишди. Уч дақиқа ўтиб Сапата дублни расмийлаштирди.

65-дақиқада меҳмонлар устози Массимилиано Аллегри Криштиану Роналдуни ўйинга ташлади ва португалиялик ҳужумчи 78-дақиқада «Ювентус»ни мағлубиятдан қутқариб қолган голни урди. 

Бу натижадан кейин «Ювентус» очколари сонини 50тага етказди ва Италия чемпионати турнир жадвалидаги пешқадамлигини давом эттирди. «Аталанта» 25 очко билан — А Серия турнир жадвалининг еттинчи ўрнида жойлашган.

«Милан» сафарда «Фрозиноне» билан ўйнади. Баҳсда ҳар иккала жамоада яхши вазиятлар бўлса-да, дарвозалар ишғол этилмади. 

Бу натижадан сўнг, «Милан» қаторасига 4та ўйиндан бери ғалаба қозонолмаяпти ва гол уролмаяпти. Жамоа 28 очко билан 5-ўринда, «Фрозиноне» эса 10 очко билан 19-ўринда бормоқда.

18-тур доирасидаги бошқа учрашувларда «Лацио» «Болонья» устидан ғалабага эришди (2:0), «Фиорентина» «Парма»га ютқазди (0:1), «Кальяри» «Женоа»ни мағлуб этди (1:0), «Сампдория» эса «Кьево» устидан ғалаба қозонди (2:0).

Италия чемпионати
18-тур
Аталанта – Ювентус 2:2 (1:1, 1:1)
Голлар: 0:1 – 2, автогол Гимшити, 1:1 – 24 Сапата, 2:1 – 56 Сапата, 2:2 – 78 Роналду.
Аталанта – Бериша, Хатебур, Гимшити, Масьелло (Барроу, 86), Кастань, Иличич (Пессина, 77), Пашалич (Госенс, 67), Гомес, Фройлер, Манчини, Сапата.
Ювентус – Шченсни, Бонуччи, Кьеллини, Де Шильо, Алекс Сандро, Бентанкур, Джан, Хедира (Роналду, 65), Дуглас Коста (Пьянич, 57), Дибала, Манджукич.
Огоҳлантиришлар: Бентанкур (18), Сапата (29), Манчини (32), Кьеллини (38), Хатебур (59), Манджукич (62), Фройлер (90).
Четлатиш: Бентанкур (53).