Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Қарорнинг давлат мақсадли жамғармаларига тааллуқли қисмида қуйидагилар келтирилган:
25. Давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларнинг бекор қилиниши, шунингдек, ягона солиқ тўлови таркибининг ўзгариши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг:
а) 2019 йил 1 январдан:
ижтимоий соҳа муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича манзилли дастурларни молиялаштириш ва келишиш функцияларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги зиммасига юклаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасини;
соҳани ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда мелиоратив объектларни реконструкция қилиш ва қуриш, магистрал (вилоятлараро) коллекторларни таъмирлаш ва тиклаш бўйича буюртмачи функцияларини Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги зиммасига, мелиоратив объектларни реконструкция қилиш ва қуриш, таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича манзилли дастурларни молиялаштириш ва келишиш функцияларини эса Молия вазирлиги зиммасига юклаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини;
Оролбўйи минтақасини ривожлантириш дастурини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан харажатларни алоҳида сатрда кўрсатган ҳолда молиялаштириш орқали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармасини тугатиш;
б) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси (кейинги ўринларда – Республика йўл жамғармаси)ни Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси тасарруфига ўтказиш ҳамда:
йўл хўжалиги соҳасидаги қурилиш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича манзилли дастурларни молиялаштириш ва келишиш, шунингдек, автомобиль йўлларидан фойдаланиш ва сақлаш бўйича харажатларни молиялаштириш, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, унинг ҳудудий бош бошқармалари, туман йўллардан фойдаланиш корхоналари, йўллардан мунтазам фойдаланиш корхоналари, кўприклардан фойдаланиш корхоналари, Республика йўл жамғармаси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш Давлат инспекциясини сақлаш функцияларини Молия вазирлиги зиммасига юклаш;















