Kun.uz сайтида эълон қилинган яна бир муаммо ижобий ҳал бўлди.
Жорий йилнинг 22 декабрь куни «Зафарободдаги болалар боғчасининг аҳволи абгор: бу масканда иситиш тизими қачон ишлайди?..» сарлавҳали материал нашр этилганди.
Унда Жиззах вилояти, Зафаробод тумани марказидаги 1-мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчилар учун умуман шароит йўқлиги, шу билан биргаликда боғчада иситиш тизими ишламаслиги, газ ҳисоблагич ускунаси бузилгани, декабрь ойи якунига келиб ҳам муассаса куз-қиш мавсумига тайёрмаслиги, болаларнинг совуқ ва зах хоналарда қолаётгани, очилганига 40 йил тўлган ушбу маскан йиллар давомида бирор марта таъмирланмагани таъкидланган эди.

Жиззах вилояти ҳокимлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, мақолада эълон қилинган муаммо ҳал қилинган.
Мазкур мактабгача таълим муассасасида бугунги кунда 16 нафар педагог ходим болаларга таълим тарбия беради. Муассасанинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари охирига етказилган. Гуруҳлар деразалари клёнкалар билан қоплаган. Муассаса ҳожатхона ва иситиш тизимини қайта қуриш учун 200 миллион сўм маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилган бўлиб, ҳожатхона қурилиб битказилган, иситиш тизимига 4 дона қозонхона ўрнатилиб, ишга туширилган.
Дарҳақиқат, бино ҳовлисида тозалик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган. Деворлар оқланган, қозонхоналар тартибга келтирилиб, газ ўлчагич асбоби ўрнатилган. Хоналар ичидаги жиҳозлар, машғулот хоналари, ётоқхона ва ошхонада ўзгариш бор. Айни вақтда барча хоналарда иситиш тизимлари ишлаяпти.

«Боғчамизда анча ўзгаришлар бўлди. Хоналаримизда иситиш тизимлари ишлаяпти. Имкон даражасида жуда аянчли ҳолга келиб қолган гуруҳ хоналарини таъмирлатяпмиз, қирқ дона эшик ва олтмишта дераза ойналари келтирилди. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, боғчамизда байрам шукуҳи ҳукм сурмоқда. Тарбиячилар ҳам тарбияланувчилар ҳам хурсанд. Байрам арафасида ҳомийлар ҳам топилди. Мана, кеча 200 дона совға олиб келишди. Уларни болажонларга тарқатдик. Иситиш тизимида муаммо йўқ», дейди муассаса ҳамшираси Ойдавлат Қурбонқулова.




















