2019 йил эшик қоқмоқда, икки йил орасидаги давр нафақат байрам тадбирларини ўтказиш, балки ўтаётган йилни сарҳисоб қилиш учун ҳам қулай фурсатдир. Шу муносабат билан Ўзбекистон Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси (ХСТУ) вакиллари 2018 йилда туристик бозорда рўй берган ўзгаришларни аниқлаш ва соҳа келажагига назар ташлаш имконини берувчи саволлар билан соҳа мутахассисларига мурожаат қилишди. Саволларга "Vantage Focus" компанияси раҳбари Дилмурод Собиров (Д.С.), "Silk tour" компанияси директори Зироат Расулова (З.Р.), "Novotours Silk Road" компанияси директори Одилжон Раупов (О.Р.), “Miran International”  меҳмонхонаси бош менежери Фарҳод Тоштемиров (Ф.Т.) ва "Hotelios", OrexCA.com ва Otpusk.uz сайтлари бошқарувчи ҳамкори Леонид Ибрагимов (Л.И.) жавоб беришди.

2018 йил якунига етмоқда, бу йил профессионал жиҳатдан сиз учун қандай кечди? Ўтаётган йилда содир бўлган энг муҳим ва ёрқин ҳодисаларни қайд этиб ўтсангиз.

Д.С. – 2018 йил бизнинг компаниямиз учун жуда омадли келди. Тафсилотларга берилиб ўтирмайман, лекин айтишим мумкинки, Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар таъсирини ўз фаолиятимизда ҳис қиляпмиз. Ўтаётган йилда фаолиятимиз давомидаги энг ёрқин ҳодиса – Сингапурнинг етакчи компанияси билан бир мартада 120 нафар сайёҳга хизмат кўрсатувчи тур борасидаги ҳамкорликни бошлаганимиз.

З.Р. – 2018 йил бизнинг компаниямиз ва умуман Ўзбекистон туризми  учун жуда қизғин ва самарали йил бўлди. Қуйидагиларни алоҳида қайд этишни истардим:

1.   Сайёҳлар учун визасиз режимнинг йўлга қўйилиши;

2.   Виза олиш тартибининг соддалаштирилгани. Электрон виза тизимининг йўлга қўйилгани;

3.   Темирйўл рейслари сонининг ошгани, поездлар таркибидаги вагонларнинг янгилангани ва таъмирлангани;

4.   Халқаро ва маҳаллий фестиваллар ва танловларнинг ўтказилиши;

5.   Ўзбекистонга индивидуал дастурлар бўйича ташриф буюрувчи сайёҳларга манзилли ёрдам кўрсатувчи туристик полиция фаолиятининг йўлга қўйилгани;

6.   Ўзбекистоннинг барча сайёҳлик шаҳарларидаги кўчаларнинг тозалиги, шунингдек, кўчаларда урналарнинг ўрнатилиши.

Л.И. – 2018 йил бизнинг ташкилотимиз учун шиддатли келди. Биз янги бозорларни ривожлантира бошладик, штатимизни кенгайтирдик, янада кенг ва замонавий офисга кўчиб ўтдик.