2018 йилда жуда кўп янги тайинлов бўлди. Шу билан бирга вазирлик раҳбарлари ҳам кўп ўзгарди. Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида фақат Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов вазир сифатида ўз лавозимини сақлаб турибди​. У 2012 йилдан буён Ўзбекистон ташқи сиёсий маҳкамаси раҳбари сифатида фаолият юритади. Сўнгги икки йилда, барча вазирлик раҳбарлари алмашди, бошқа лавозимга ўтказилди ё ишдан бўшатилди.

Ўзбекистон Республикасида бугунги кунда жами 21та вазирлик мавжуд. Охирги 2 йил ичида вазирликлар сони 6тага кўпайди, жумладан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги шулар сирасидан. 

Халқ таълими вазири - 2018 йил июндан буён Шерзод Шерматов

Шерзод Шерматов

2013 йил февралидан 2018 йил 20 июнига қадар Халқ таълими вазири бўлган Улуғбек Иноятов Самарқанддаги тадбирда иштирок этаётган вақтида ишдан бўшатилди ва унинг ўрнига Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шерзод Шерматов янги вазир этиб тайинланди. Ушбу тайинлов йилнинг энг ёрқин лавозимий ўзгаришларидан бири бўлди. Давлат раҳбарининг таърифига кўра, Иноятов «эски одам». Шунингдек, у президент билан 1,5 йил ишлаб, бирорта таклиф бермагани танқид қилинган.

«Тизимда коррупция, мактабларда коррупция бўлиб кетган. Тошкент шаҳридаги аҳволга маймунлар йиғлайди», - деб Халқ таълимининг ўша пайтдаги аҳволини изоҳлаган Мирзиёев.

Шундан кейин Улуғбек Иноятов Наманган давлат университети ректори бўлгани маълум бўлди.