Шавкат Мирзиёев “Баъзи давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжат матни “Халқ сўзи” томонидан эълон қилинди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 24 декабрда қабул қилинган 713–I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси 133-моддасига қуйидаги қўшимча ва ўзгартиш киритилди:

қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди:

“Уй-жой объектининг манзили бўйича доимий прописка қилинган вояга етган жисмоний шахслар электр таъминоти, газ таъминоти, сув таъминоти ва сувни чиқариб юбориш (канализация) хизматлари кўрсатилганлиги учун ҳақ тўлаш бўйича мажбуриятлар юзасидан қонун ҳужжатларига ва коммунал хизматларни етказиб берувчи (бажарувчи) корхоналар билан тузилган шартномаларга мувофиқ солидар жавобгар бўлади”;

учинчи ва тўртинчи қисмлар тегишинча тўртинчи ва бешинчи қисмлар деб ҳисобланади.