Бугун, 8 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда ҳукумат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари, мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

«Фаол инвестиция сиёсати – барқарор иқтисодий ривожланишга эришишнинг энг муҳим шартларидан биридир. Шу боис давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2019 йил мамлакатимизда «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилинди. 2019 йилги Инвестиция дастурига 16,6 миллиард долларлик 3 мингдан зиёд лойиҳа киритилган. Бу 2018 йилдагига нисбатан 16 фоиз кўпдир. Жумладан, жорий йилги Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 3,2 миллиард доллар бўлган 140 та ишлаб чиқариш қувватини фойдаланишга топшириш режалаштирилган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Видеоселекторда мазкур йирик ва муҳим лойиҳаларни ўз муддатида ва сифатли амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган. 

Хорижий давлатлар ва инвесторлар билан фаол иш олиб борилаётгани натижасида жами инвестицияларнинг 25 фоизини тўғридан-тўғри чет эл сармоялари ташкил этаётгани қайд этилган. Хусусан, жорий йилда шундай инвестициялар иштирокидаги 320 та лойиҳа доирасида 4,2 миллиард доллар ўзлаштирилиши кўзда тутилган. 

Президент тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни сўзсиз амалга ошириш, чет эллик инвесторларга ҳар томонлама ёрдам бериш ҳукуматнинг энг муҳим вазифаси бўлиши кераклигини таъкидлаган. Инвестицияларнинг асосий қисмини ўзлаштиришни йилнинг охирги ойларига қолдириш амалиётига чек қўйиб, барча тармоқлар ва ҳудудларда буни биринчи ярим йилликда камида 35 фоизга, тўққиз ойликда 70 фоизга етказиш зарурлиги қайд этилган.

Бу борадаги вазифалар Вазирлар Маҳкамаси комплекслари бўйича таҳлил қилинган. Хорижий инвестициялар улуши аввалги йилдагига нисбатан камайган, маблағларни ўзлаштириш суст ташкил этилган соҳа ва тармоқлар кўрсатиб ўтилган. Йил охирига қадар қўшимча сармояларни жалб қилиш, уларни тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларга талаб юқори бўлган соҳа ва ҳудудларга йўналтириш, ушбу ресурсларнинг ўзлаштирилишини назоратга олиш бўйича топшириқлар берилган. 

Йиғилишда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига ҳудудий лойиҳаларни амалга ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.