Вазирлар Маҳкамасининг “Фермер хўжаликларни ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қайд этилишича, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишда тизимли муаммолар мавжудлиги соҳани барқарор ривожлантиришга салбий таъсир этмоқда.

Жумладан:

биринчидан, ерларни ноқонуний ажратиш ва улардан хўжасизларча фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилмоқда. Жумладан, 2018 йилда 2 638 та ҳолатда 16 447 гектар майдондан ноқонуний фойдаланилган ҳамда 1 502 та ҳолатда 28 427 гектар экин ерлари ноқонуний ажратилган;

иккинчидан, ерлардан, айниқса суғориладиган ерлардан ноқонуний фойдаланиш, шахсий манфаати йўлида якка тартибда уй-жой ёки бошқа бино ва иншоотларни қуриб олиш ҳолатлари ортиб бормоқда, жумладан, 2018 йил давомида республика бўйича 4 062 ҳолатда 622 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, якка тартибда уй-жой ёки бошқа бино ва иншоотлар қуриб олинганлиги аниқланган;

учинчидан, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларининг контурлари кесимида экинларни жойлаштириш ва ҳосилдорликни белгилаш бўйича маҳаллий ҳокимликлар томонидан қабул қилинган қарорларнинг шаффофлиги ва холисоналиги таъминланмаяпти. Бу эса, айрим қишлоқ хўжалиги экинларини шартномага нисбатан кўп ёки кам экилишига, ҳосилдорликнинг адолатсиз белгиланишига сабаб бўлмоқда;

тўртинчидан, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан тупроқ унумдорлигини ошириш ҳамда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш хамда замонавий ресурстежамкор инновацион технологияларни кенг жорий этиш масалаларига эътибор қаратилмаяпти, жумладан, томчилатиб суғориш тизими бор-йуғи 43,1 минг гектар ёки жами суғориладиган майдоннинг атиги 1 фоизида жорий қилинган.

Ҳужжат билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига фаолият юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини мақбуллаштириш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари раҳбарлигида Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига фаолият юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини мақбуллаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар ишчи гуруҳлари ташкил этилади.