Интернет тармоғида республикада мавжуд бўлган барча музейлар ҳақида ягона портални ташкил этиш, бу иш 2019 йил 1 декабрга қадар якунланиши керак. Бу ҳақда Kun.uz мухбири Ўзбекистон Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев баёнотига таянган ҳолда хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, Ўзбекистон ​музейларида 2,5 миллиондан зиёд экспонат, архивларда маданий мерос объектлари бўлган миллиондан ортиқ ҳужжат ​сақланади ва жорий йилнинг 1 декабрь санасига қадар Ўзбекистондаги барча музейлар ҳақида маълумот берувчи ягона портал ишга тушади.

«2017-2021 йилларда музейлар фаолияти бўйича комплекс чоралар дастури ишлаб чиқилган. 2018 йилнинг ўзида 4та музей ташкил қилинди: Мўйноқ экология музейи, Шаҳрисабзда мақом музейи, Эркин Воҳидов уй музейи, Мутал Бурҳонов уй музейи. Шунингдек, 4та музейни реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Лекин музейларга ташриф буюриш қай даражада? Қуриб қўйсак, ҳеч ким кўрмаса, нима наф?

Сурхондарё давлат тарихи музейи, Бухоро шаҳридаги буюк алломалар музейи, Айний уй музейи, Чирчиқ шаҳридаги музейни таъминлаб берамиз, аммо кейин-чи? Ким томоша қилади уни? Театрларга республика бўйлаб ташриф қандай бўляпти?», – дея савол билан юзланмоқда Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев. ​

Вазирга кўра, 2019 йил учун белгиланган режада бу масалаларнинг барчаси назарга олинган. 

«20та музейнинг виртуал вариантини яратиш режалаштирилган. Вазирлик тасарруфида 96та музей бор. Йирик музейларда аудиогидлар хизматини жорий қилиш бўйича иш олиб бориляпти. Битта музей учун ҳозирча 10та гид ажратилган, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам тарихни чуқур билади, деб айтолмайман. Қўлимда аудиогид бўлса, экспонатларни ўзим истаганча томоша қилишим мумкин бўлади, унга исботланган тарихий маълумотлар киритилади», –​ деб қўшимча қилган у. 

Сайфуллаевнинг айтишича, Россиядан ташриф буюрган меҳмонлар Ўзбекистонни роса мақтаган-ку, лекин нега уй музейлар якшанба куни ишламай туришини сўраб қолган. 

«Ахир аксарият одамлар якшанба куни боради-ку, бундай жойларга. Музейларда дам олиш куни бўлиши керак эмас. Чипталар нархи масаласини қайта кўриб чиқиш керак. Музей категориясидан келиб чиққан ҳолда нарх белгиланиши керак. Кечки пайт ишлайдиган музей ходимларининг маоши масаласи ҳам қайта кўриб чиқилади. 

Ўзбекистон давлат санъат музейини 2019 йилда реконструкция қилишни белгилаганмиз. Қорақалпоғистон санъат музейи, Ойбек уй музейи ва Халқ амалий санъати ва миллий ҳунармандчилик музейини ренновация қилишимиз керак.