Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.

2016 йили Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ёнида илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифи билан чиққан эди. Кейинчалик президент ушбу марказ лойиҳаси ва қурилиши билан бир неча бор танишди. Унинг мазмун-моҳияти, ҳатто, рангининг қандай бўлишигача белгилаб берди. Бугунги кунда қурилиш ва пардозлаш ишлари ниҳоясига етказилди.

Давлат раҳбари ушбу марказда яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Марказ Имом Бухорий ва бошқа мутафаккир алломаларнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини тўплаш, уларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш билан шуғулланади. Бу ерда аждодларимизнинг бой меросини алоҳида-алоҳида ўрганиш, етук мутахассислар тайёрлаш учун барча керакли шароитлар яратилган. 

Марказнинг биринчи қаватида музей ташкил этилган. Унда Имом Бухорийнинг ҳаёти, илмий сафарлари акс этган. Музей марказига «Саҳиҳи Бухорий» китобининг қадимий қўлёзма нусхаси қўйилган.

Музей билан танишар экан, президент бу жой зиёратчиларга Имом Бухорий ҳақида тасаввур, билим беришини таъкидлади.

«Дунё харитасида яна бир илмий марказ пайдо бўлди. Бу марказ мамлакатимизга илм, барака олиб келади. Ёшларимизга билим, куч беради. Бу ерда ўқиганлар, зиёратга келганлар катта маънавият, маърифат олади», - деган Шавкат Мирзиёев.

Марказ томонидан 2018 йилнинг ўтган даврида буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Европа ва Шарқ мамлакатлари, дунёдаги етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлар билан алоқалар ўрнатилди. Жумладан, Буюк Британиянинг Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Кембриж университети, «Ал-Фурқон» фонди, Британия музейи, Франциянинг Араб дунёси институти, Франция миллий кутубхонаси ва бошқа илм-фан масканлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Марказ илмий ходимлари томонидан «Имом Бухорий таърифи», «Алоуддин Усмандий Самарқандий ҳаёти ва илмий мероси», «Лубобул ҳадис асари» каби 17та китоб нашрга тайёрланди. 

Хорижий мамлакатларнинг кутубхона фондларида сақланаётган 535та қўлёзма ва тошбосма асарларнинг электрон нусхалари олинди. Марказда сақланаётган 1 168та асарнинг каталоги тайёрланди.