Олдиндан айтиб қўяй: мажбурий обунага қаршиман ва вақти-замонида, бундан беш-олти йил илгариёқ бу ҳақда ёзганман: мажбурий обуна мамлакатда сўз эркинлиги бўғилгани учун бадалдир, деб. Яъниким, матбуот ўн икки ой мум тишлаб юргани учун йилда бир марта оғзига новвот ташлаб қўйилган. Машҳур кинода айтилганидек: «Ишламаган тишлайди!.. Ўрган, студент!».
Ўрганган кўнгил ўртанмай қўймаслигини ўтган обуна мавсуми яна бир карра исботлади. 2017 йил адоғида дуч келинган қийинчиликлар, кейинги пайтда уюштирилган мажбурий обунага қарши кампаниянинг илмоқли ишораларидан матбуотимиз дарғалари етарли хулоса чиқара олди, десак адашамиз. Янги йил бошида ЎзА эълон қилган газета ададлари маълумотномаси шуни кўрсатмоқдаки, айрим нашрларда мажбурий обуна ими-жимида, аллақандай йўллар билан амалланган (атайин номма-ном санамадим, бош муҳаррирларнинг юзи иссиқ). Баъзи раҳбар журналистлар эса охири нима бўлар экан, деб вазиятни четдан кузатди ёки газета кимга керак бўлса, ўзи чиқарволади, дегандай бепарво қаради. Таҳририятни иқтисодий таъминлашнинг мажбурий обунадан ташқари ҳам йўли бордир, дея неча одам бош қотирди, шундан нечови муқобил чорани топа олди? ЎзА рўйхатида кўрсатилмаган, чунки етарли тираж тўплолмагани боис 1-сони чиқмай қолган «республиканский» газеталар ҳам бор эдики, уларга қарата ижтимоий тармоқларда трендга айланган «Уят! Уят!» деган гапдан бошқа нима ҳам дейиш мумкин?!
Мени энг ҳайратлантирган ва ачинтиргани «Маърифат» газетасининг адади эди – 12 700! Яқин йилларда саксон мингнинг тагига бориб қоларди бу рақам. Яна-тағин, Ўзбекистон халқ зиёлиларининг нашри эмиш-а! Маориф тизимида ярим миллион атрофида одам ишлайди. Наҳотки атиги беш фоизи асосий таълим нашрига обуна бўлмаган бўлса?! Ўқитувчилар энг ўқимишли қатлам эмасми ахир?! Айрим тизимлар нашрининг тиражи бу йил ҳам чакана эмас, энди қиёслаб кўрайлик: қайси соҳада кўпроқ ходим бор? Шундай танг вазиятда ҳам нисбатан йирик ададда чиқаётган «жиддий» газеталар обунасининг қанча қисми таълим муассасалари ҳисобига тўғри келди экан?..
Сезиб турибман, миянгизда иштибоҳлар ғимирламоқда. Гап «Маърифат»нинг мазмунига, фойдалилик даражасига тақалса, бундан кўнгилни тўқ тутишга асос бор. Ўзим шу таҳририятда неча йил хизмат қилиб, ундан ҳам кўпроқ йиллар оддий газетхон сифатида кузатиб бориб, айниқса, чинакам зиёли педагоглар фикр-мулоҳазаларини эшитиб, «Маърифат»ни ҳар бир ўқитувчи ўқиши керак бўлган нашр дея бемалол айта оламан. Ҳозирча унинг ўрнини босадиган на сайт бор, на бошқа восита. Айниқса, Халқ таълими тизимидаги ислоҳотлар ва муаммолар, расмий ҳужжатлар, замонавий педтехнологиялар, илм-фандаги янгиликлар, дарсликларга қўшимча маълумотлар, тарбиявий материаллар... эҳ-ҳе, ҳамма-ҳаммаси ўқитувчининг қўлига тайёр қилиб тутилади. Олса, ўқиса, дарсига татбиқ қилса бўлгани.
















