Дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири ҳисобланган Билл Гейтс gatesnotes.com сайти орқали 2018 йилда ишда нималар билан шуғуллангани, нималарни ўрганганини сарҳисоб қилди.

"Болалик дамларимда ҳар Рождествода ота-онам оила йил давомида қандай ишлар билан шуғуллангани ҳақидаги карточкаларни жўнатишар эди. Отамнинг юридик фирмаси ўсмоқда, онамнинг волонтёрлик иши яхши кетмоқда, қизлар мактабда яхши ўқишмоқда, Билл эса тутқич бермас.

Баъзилар буни оддий ҳолат деб ўйлайди, лекин менга бу анъана ёқади. Ҳар йилнинг охирида мен ўз ишим ва шахсий ҳаётимни сарҳисоб қилишни яхши кўраман. Мени нима ҳаяжонга солди? Нимани яхшироқ уддаладим?

Фото: Washington Times

2018 йилдаги хулосаларимнинг баъзилари билан бўлишишга қарор қилдим. Бугун 63 ёшимда ўзимга ўзим берадиган саволлар 20 ёшимдаги саволлардан анча фарқ қилади. Ўша пайтлар йил охирида барчаси бир саволга бориб тақалар эди: Microsoft персонал компьютерларга оид орзуни рўёбга чиқаряптими?

Бугунга келиб ҳам ўз ишим сифатини баҳолайман, бироқ ҳаётим ҳақидаги қатор бошқа саволларни ҳам қўяман. Оила аъзоларимга етарлича вақт ажратдимми? Етарлича янги билимларга эга бўлдимми? Янги дўстона муносабатларни ривожлантириб, эскиларини чуқурлаштирдимми? 25 ёшимда бу каби саволлар кулгили туюлган бўларди, ёш ўтган сайин эса уларнинг аҳамияти ортиб боради.

Мелинда (Билл Гейтснинг турмуш ўртоғи - таҳр.) менинг бу масала бўйича қарашларимни кенгайтиришга ёрдам берди. Шунингдек, "Сиз ғамхўрлик қиладиган инсонлар сизни худди шундай яхши кўришадими?" деган савол муваффақияти сири эканини айтган Уоррен Баффет ҳам. Ўйлашимча, бу ҳам шундай.

Инсоният тарихи давомида узоқроқ яшашга ҳаракат қилганмиз. Бунинг натижасида ҳаёт давомийлиги ошмоқда. Бунда технологиялар вакциналар, дори-дармонлар ва санитария ҳолатининг яхшиланиши орқали муҳим роль ўйнади.

Безгак, семизлик каби муаммолар ечимини топиш учун ҳали ҳам кўп инновацияларга муҳтожмиз. Фикримча, бу келгусида йирик кашфиётларга йўл очади.

Бир йил ортга боқиб, ўзим ишлаётган муайян соҳалар ҳақида ўйлаб қоламан. Бу ишлар қисман фондимиз орқали амалга оширилади, лекин ҳаммаси эмас. Ишончим комилки, инновациялар ҳар бир инсон ҳаётини яхшилаши мумкин. Кўпчилик одамлар инновациялар ҳаётни қанчалик енгиллаштиришини етарлича баҳолай олишмайди. Қуйида ўзим ишлаётган баъзи йўналишлар бўйича фикрларимни баён қиламан.