Пенсия ҳақида гап кетганда доим бир ҳолат ёдимга тушади. Бундан 4 йил муқаддам вилоятга, туғилиб ўсган маҳалламга борганимда ёши улуғ маҳалладошларим пенсия ва нақд пул масаласида арз қилиб қолишди. Ўша пайтлар пенсиялар юз фоиз пластик карточкага туширилар, дўконларда эса нархлар пластик картадан ёки нақд пул орқали тўланишига кўра сезиларли тафовут қиларди. Қишлоқ жойларда баъзи нарсаларни, мисол учун гўштни пластик карточкага олишнинг имкони йўқлиги учун айримлар маблағларини нақдлаштириш учун карточкаларини киракашлик қиладиган йигитларга бериб қўяр, улар бензин олишда картадан фойдаланиб, нақд пулни эгаларига бўлиб-бўлиб қайтаришарди. Аҳолининг пластик карточкадан фойдаланишини кўпайтириш масаласи эса соҳага масъул органлар томонидан асосан маъмурий йўллар билан амалга ошириларди. Оқибатда оддий одамлар, айниқса вилоятлардаги пенсионерларнинг норозилиги бисёр эди.
Ўша паллада кексаларимиз муаммосини ҳал қилиш, уларнинг дуосини олиш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасига мурожаат қилиб, таниш-билишларни ишга солишимга тўғри келганди.
Виртуал қабулхонага ўша пайтда қилинган мурожаатларнинг етти мингтаси айнан шу муаммо гирдобида қолган нуроний отахонлар-у мўътабар оналаримиздан келган. Ушбу рақамларда бу қийналса-да, борига шукр, деб юрганлар акс этмаган.
Кейинги йилларда пенсия соҳасида талай ижобий ишлар қилинди. Хусусан, давлат раҳбарининг 2017 йил 2 февралда “Пенсиялар ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ барча турдаги пенсиялар бутун мамлакат ҳудудида ҳеч қандай чекловларсиз нақд шаклда бериладиган бўлди. Ишонинг, кексаларимиз, айниқса қишлоқлардаги улуғларимиз учун ўшанда ҳақиқий байрам бўлганди, улар давлат раҳбарини ич-ичдан дуо қилишганди. Ахир, пулингиз бўла туриб (майли, картада бўлса ҳам), унга ўзингиз хоҳлаган нарсани ололмасангиз, жуда алам қилади.
Пенсия соҳасида навбатдаги кенг кўламли, тарихий муҳим қадам Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан амалга оширилди. Унда қуйидаги муҳим ўзгаришлар кўзда тутилган:
1. 2019 йил 1 январдан бошлаб барча тоифадаги ишловчи пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланади.
Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикасида 118 мингдан зиёд ишловчи пенсионерлар мавжуд, уларнинг фақат 40 минг нафари (34 фоизи) ўз пенсияларини тўлиқ олиб келган, 78 минг нафардан ортиқ (66 фоиз) ишловчи пенсионерлар бундай имкониятдан маҳрум бўлиб, пенсияларининг 50 фоизини олиб келишган.












