Яқинда ижтимоий тармоқларда 33 ёшли ўзбек қизи Гули Муродова ўзидан 44 ёш катта бўлган англиялик 77 ёшли лорд, мультимиллионер Муҳаммад Шайх билан оила қургани ҳақида хабарлар тарқалди.

Кўпчиликни ҳайратга солган бу хабар кўп муҳокама қилинди ва турли эътирозларни келтириб чиқарди. Хўш, бу янгилик нечоғли ҳақиқат, унда келтирилган фактлар қанчалик тўғри? Умуман, бундай турмушдан мақсад нима, деган савол кўпчиликни бир хилда ўйлантирди. Kun.uz мухбири Гули Муродовани суҳбатга чорлади. Ўзбекистон ва Британия алоқаларини оила ришталари билан боғлаган Гули Шайх хоним интернетда берилган маълумотларга ойдинлик киритди.

— Гули Шайх хоним, тўйларингиз бўлганига бир ойдан ошди. Шайхнинг жуфти ҳалоли бўлиш оғирлик қилмаяптими?

— 2018 йилнинг ноябрида Лондоннинг Ламбет Кенгашида никоҳимизнинг расмий маросими бўлиб ўтди. Кўплаб меҳмонлар ташриф буюришди. Муҳаммад Шайх билан аслида 2015 йилда шаърий никоҳдан ўтганмиз. Яъни, унинг жуфти ҳалоли бўлганимга уч йилдан ошди. Муҳаммад Шайх жаноблари табиатан кўнгли тоза, ҳаётга катта қизиқиш билан қарайдиган, тушунадиган, оғир-босиқ ва жуда меҳрибон инсон. Турмуш ўртоғимнинг ана шундай пок қалбини ёқтирганман...

— Ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг. Қандай қилиб Лондон томонларга бориб қолгансиз? Британия лорди билан қандай тарзда танишгансиз?

— Мен Самарқандда туғилиб, вояга етганман. Самарқанд тиббиёт коллежини тугатганман. Икки йилча Самарқанднинг Республика тез тиббий ёрдам кўрсатиш шифохонасида ҳамшира бўлиб ишладим. Англияга ўқишни давом эттириш мақсадида келганман. Лондонда университетга ўқишга кириб, менежмент бошқаруви йўналишида бакалавр даражасини муваффақиятли тугатдим. Кейинчалик ўқишни давом этирган ҳолда молия йўналишида ўқидим. Ўқиш пайти ярим ставкага Бельгия компаниясига менежер бўлиб ишга кирдим. Компания бельгияча эксклюзив шоколадлар сотиш билан шуғулланар эди. Шу ерда шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, мен ҳеч қачон Лондонда официант бўлиб ишламаганман. Хуллас, Муҳаммад Шайх жаноблари тез-тез шоколад дўконимизга кириб турар, ўзи ва ҳамкасблари учун ширинликлар олишни яхши кўрар эди. Ўша ерда танишиб қолганмиз.

Бизнинг бой тарихимиз, бутун дунёни ўз кашфиётлари ва салоҳияти билан забт этган Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбек, Имом Бухорий каби буюк шахслар ҳақидаги суҳбатимиз тугамасди. Вақт ўтиши билан бизнинг ўртамиздаги муносабатлар дўстликдан янада кучлироқ босқичга ўта бошлади. Аммо, анча вақтгача Муҳаммад Шайх Британия Парламенти лорди эканлигини билмаганман. Умуман, лорд жаноблари бирор марта амали, иши ва бизнеси ҳақида гапирмаган.