Ҳар йили кимдир Apple компаниясининг янги гаджетлари тақдимотини ёки яна кимдир Tesla компаниясининг янги инновациясини кутади. Оддий истеъмолчи учун келажак технологиялари кўргазмаси CES (Consumer Electronics Show) эса ҳар йили ўтказиб келинади. Бу галгиси 8 январдан 11 январгача Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтди.
Кўргазма истеъмолчилар учун мўлжалланган технологиялар соҳасидаги асосий тадбирлардан саналади. Унда жаҳонга машҳур компаниялар стартапларнинг тайёр маҳсулотлари билан бир қаторда келажак ускуналарининг лойиҳалари ҳам намойиш этишади.
Бу йилги CES 2019 нималар билан ҳайрон қолдириши мумкин? Қуйида кўргазманинг энг инновацион лойиҳаларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Samsung'дан модулли телевизор. Samsung ўлчами фақатгина блоклар сони билангина чекланган The Wall модулли телевизорини тақдим этди. Тақдимотда телевизорнинг диагонали 219 дюмли прототипи намойиш қилинган, назария бўйича эса у ҳар қандай ўлчамга мослашаверади.

Телевизорнинг ҳар бир блоки бир неча микрон ўлчамидаги ёруғлик диодлари билан таъминланган MicroLED технологиясига кўра ишлаб чиқилган. The Wall 8К тасвирларни кўрсатади, 4К тасвирларни ҳам сунъий идрок воситасида 8К тасвиргача сифат бузилишисиз чўза олади. Телевизорнинг сотувга чиқиш вақти ва нархи эълон қилинмаган.
Google Assistant'даги синхрон таржимон. CES кўргазмаси вақтида Google компанияси кенг масштабда янгиланган Assistant'ни тақдим этди. Янгиланган «ёрдамчи» 27 тилда синхрон таржима қила олади. Синхрон таржимон «Google, <тил номи> тилидан таржимон» буйруғи билан фаоллаштирилади. Шундан сўнг восита суҳбат иштирокчиларининг нутқини навбатма-навбат таржима қилишни бошлайди.

Assistant'нинг янги имкониятлари дастлаб Google Home Hub «ақлли» колонкалари эгаларига берилди.
Ўрамага айланадиган LG телевизори. LG 65-дюйм OLED-экранли Signature телевизорини кўрсатди. Экран, тугма босилиши билан, бир неча сония ичида букила бошлайди ва 50 минг очиб-ёпиш тарзига мосланган.
Дисплей букилган ҳолда ҳам тасвирларни 21:9 шаклида кўрсатиб, ишлайверади. Телевизор 2019 йилнинг охиридан савдога чиқарилади.



















