Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармасининг пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори 8 ЭКИҲдан 10 ЭКИҲгача оширилгани муносабати билан пенсиялар қайтадан ҳисоблаб чиқилиши тўғрисидаги расмий тушунтириши Norma шарҳида ёритилди.
Масаланинг тарихи
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 12.12.2018 йилдаги ПФ–5597-сон фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 январдан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори ЭКИҲнинг 8 бараваридан 10 бараваригача оширилди. Шу муносабат билан тайинланган пенсиялар миқдорларини қайта кўриб чиқиш вазифаси топширилди.
Нашр шу мавзуда кўп саволлар келиб тушаётганини, пенсияларни қайтадан ҳисоблаб чиқиш тартиб-таомилини белгиловчи алоҳида ҳужжат мавжуд эмаслигини инобатга олган ҳолда қуйидаги саволларга тушунтириш беришни сўраб бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мурожаат қилди:
• пенсия қачон тайинланганидан қатъи назар, пенсияни қайтадан ҳисоблаб чиқиш тўғрисидаги қоида барча пенсионерларга нисбатан қўлланиладими;
• пенсия қай тартибда қайтадан ҳисоблаб чиқилади, пенсионер шахсан мурожаат қилиши зарурми, у қандай ҳужжатларни тақдим этиши лозим.
Тошкент шаҳар бошқармасининг тушунтириш беришича, Фармонга мувофиқ, пенсия тайинланган санадан қатъи назар, пенсияларни ҳисоблаб чиқаришда қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи 8 ЭКИҲдан ортиқ бўлган барча пенсионерларнинг пенсия миқдорлари қайта кўриб чиқилади.
Бугунги кунда электрон маълумотлар базасида мавжуд бўлган маълумотлар асосида қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган барча пенсия йиғмажилдлари бўйича қайта ҳисоб-китоб амалга оширилди, шу сабабли пенсионерларнинг ўзлари пенсиялари индексацияланиши учун қаергадир алоҳида мурожаат қилишлари керак эмас.
Айни пайтда, пенсия олувчиларда саволлар ёки қайтадан ҳисоблаб чиқиш учун асослар мавжуд бўлса, улар яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига қўшимча ҳужжатларни тақдим этишлари ва ариза билан мурожаат қилишлари мумкин. Идора пенсия бўлимига мурожаат қилганда пенсионернинг қўлида айнан қандай ҳужжатлар бўлиши кераклиги хусусида аниқлик киритмади. Бу вазиятда Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 147-бандига амал қилишни маслаҳат берамиз.















