2019 йил январь ойида умумий овқатланиш соҳасида хизмат нархлари сезиларли равишда ошди. Caravan Group ресторанлар тармоғи асосчиси ва раҳбари Тимур Мусин эса келгуси икки ойда нарх сиёсатини ўзгартирмасликка ваъда бермоқда. Аслида, гап нима ҳақда кетмоқда? Калаванинг учи қаерда? Нега умумий овқатланиш саноати жиддий ўзгаришларга юз бурмоқда? 

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Юлий Юсупов, иқтисодчи-эксперт:

– Умумий овқатланиш саноати Ўзбекистондаги энг муҳим тармоқлардан бири ҳисобланади. Унинг долзарблиги шундаки, хизматлар аҳоли учун кўрсатилади, барчамиз кафе, ресторан ва емакхоналарда овқатланишга одатланганмиз. Биз бу масканларда тантана, шодиёналар, тўй маросимларини ташкил этишга одатланганмиз.  

Юлий Юсупов

Туризм нуқтаи назаридан қараганда ҳам, бу жуда муҳим тармоқ бўлиб қолади. Сайёҳлар мазали таомлардан лаззатланиш учун ҳам Ўзбекистонга ташриф буюради. Биз бу борада мақтанса бўладиган тажрибага эгамиз ва туризмни ривожлантиришни истасак, умумий овқатланиш тармоғи ҳақида қайғуриш лозим. 

Афсуски, давлат молия органлари тармоқ фаолиятига тушунарсиз муносабатда бўлмоқда. Агар тармоқ тўлаётган солиқларга назар ташласангиз, масалан, ўтган йили ягона солиқ тўловчиси сифатида ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналар 5 фоиз, чакана савдо 4 фоиз, умумий овқатланиш тармоғи эса 10 фоиз ставкада солиқ тўлаган.  

Тимур Мусин, Caravan Group ресторанлар тармоғи асосчиси ва раҳбари:

Тимур Мусин

– Уйда тайёрлаш мумкин бўлган овқат учун, гўё икки баравар нарх тўлаётган хўранда нуқтаи назаридан эмас, балки умуман умумий овқатланиш саноати нима эканлигини айтиб бермоқчиман. Ўзбекистонда мавжуд барча ишлаб чиқариш турлари каби умумий овқатланиш тармоғи ҳам ишлаб чиқаришнинг бошқа кўриниши. Гуруч ва гўштдан палов тайёрлаш учун фақат ишлаб чиқариш тармоғи эмас, қиммат турадиган буғ конвектоматлар, газ плиталари, зарурий барча анжомлар, миксер, блендер ва яна нималардир керак. Албатта, юқори малакали ошпаз ҳам зарур.