Бугун “Ёшлар пресс клуби”да Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 2018 йилдаги фаолияти сарҳисобига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда Марказий Кенгаш раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев йиллик сарҳисоб юзасидан батафсил маълумот берди.

Чунончи, Иттифоқ қошида ёшлар ташаббуслари асосида 26 та турли йўналишдаги ташкилотлар фаолияти йўлга қўйилди. Жумладан, Ёш ижодкорлар кенгаши, Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази, Ёшларга ижтимоий-психологик хизмат кўрсатиш маркази, Ёшлар нашриёт уйи, Ёш киноижодкорлар кенгаши, Ёш дизайнерлар кенгаши, Ёшлар фермерлар кенгаши, Ёш олимлар кенгашлари шулар жумласидан.

27 июнь куни Давлатимиз раҳбарининг “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-5466-сонли фармони қабул қилиниб, бунга мувофиқ “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси фаолиятининг йўлга қўйилгани, “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасидан имтиёзли кредит олиб, ўз бизнесини йўлга қўйган ёш тадбиркорларга 1 минг 66 нафар ёш фермерга 52 миллиард сўм, ёш тадбиркорларнинг 4 минг 300 та лойиҳасига 226,6 миллиард сўм, жами 278,6 миллиард сўм 13 фоизлик имтиёзли кредитлар ажратилиши таъминланди.
Биринчи бор 30 июнь – “Ёшлар куни” юртимизда нишонланди Унда 3 миллионга яқин ёшлар иштирок этди. Шунингдек, илк бор “Мард ўғлон” Давлат мукофоти ҳамда “Келажак бунёдкори” медалларига тенгдошларига ўрнак бўлаётган 42 нафар йигит-қизга топширилди. 41 нафар ёш “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишонига лойиқ топилиб, мукофот билан тақдирланган бўлса, йил давомида алоҳида фаоллик кўрсатган 17 нафар ёшлар “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти”ни қўлга киритгани, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида ташкил этилган Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтида 500 нафарга яқин тингловчи таҳсил олиб, малака оширишга муваффақ бўлгани биргина мана шу ўтган 2018 йилдаги ютуқларнинг дебочаси десак муболаға бўлмайди.
Яна бир жиҳат Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилиб, ҳарбийлар ва тизимдаги ёш хизматчиларнинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқига аъзо бўлиш механизмининг ҳуқуқий асоси яратилди. 2018-2021 йилларда қурилиши режалаштирилган 8 минг 600 га яқин кўп қаватли “Ёшлар уйлари”дан 848 тасининг калити ёш оилаларга топширилиши,
Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси фаолияти ташкил этилиб, хорижда ишлаётган, таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизми яратилди.


















