Ҳар сафар янги йил кириб келиши олдидан одамзод яхши ниятлар қилади, келгуси йилда эзгуликларга умид боғлайди. Аммо афсуски орзуларимизнинг, ёки белгиланган режаларнинг ҳаммаси ҳам амалга ошавермайди.
Бу ўзига хос рейтинг ҳам интернет оламидаги муҳокамаларга асосланган ва табиийки бирор расмий маълумотларга таянмаган. Шу боис, «сўнган умидлар»нинг бу тарзда жойлашуви айрим ўқувчиларимизга тўғри туйилмаслиги ҳам мумкин. Лекин уриниб кўрамиз.
7. Чироқ ўчиши яна одатий ҳолга айланди

Жадал ислоҳотлар натижаси ўлароқ 2017 йилда республиканинг барча вилоятларида электр таъминоти яхшилангани ҳамма ҳис қилган эди. Аммо 2018 йил охирига келиб яна узилишлар кузатила бошланди. Бу ҳолат электр энергияси Қирғизистондан импорт қилиниши тўхтагани билан боғланди.
Умуман, «свет ўчиши» Ўзбекистоннинг янги тарихида ҳам одатий ҳолга айланиб улгурган. Айниқса, аҳоли зич бўлган водий аҳлининг умидлари бир ёниб, яна ўчган.
6. Метанга километрлик навбатлар

Яна водий, яна ўша ҳолат... Ўтган йилларда ҳам қиш ойларида бу вазият кузатилган ва ўшанда кейинги йилларда бундай ҳолат рўй бермаслиги учун олдиндан ҳаракат қилиниши ҳақида эшитилар-эшитилмас ваъдалар берилганди.
Аммо «ҳар изғирин шу бўлар такрор» деганларидек, яна қувурларда газ «қотиб қолди», яна 5-6 километрлик навбатлар пайдо бўлди ва улар кундан-кунга узайиб бормоқда.
5. Арзон авиаташувлар

Ўзбекистоннинг 33 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлгани ҳолда бирорта лоукостери йўқлиги ҳақидаги гап-сўзлар анчадан бери юрарди. Ақтўбедаги автобус ёнғинида 52 нафар юртдошимиз жизғанак бўлиб, аянчли ўлим топганидан сўнг бу масалага жуда жиддий ёндашилди. Арзон авиаташувларни йўлга қўйиш бўйича қатор йиғилишлар бўлди. Аммо бу режаларнинг бирортаси 2018 йилда амалга ошмади, мавсумий қисқа муддатли акцияларни айтмаса, етакчи йўналишларда нарх тушиши кузатилмади.


















