Ўзбекистонда 20та турли вазирлик ва идораларга қарашли 12 мингдан зиёд кутубхона мавжуд. Уларда жами 23 миллиондан ортиқ китоб сақланади. Истаган одам ёши, қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда, китоб мутолаа қилиши мумкин. Шулар орасида аҳолининг энг ёш қатлами учун хизмат қиладиган республика болалар кутубхонаси ҳам бор.
Қизиғи шундаки, кутубхонанинг потенциал аудиторияси бўлган боғча ва мактаб ёшидаги болаларнинг ота-оналари бундай кутубхона борлиги ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас.
Шунақа кутубхона борлигини биласизми?
Ижтимоий тармоқда ўтказилган сўровномага кўра, ота-оналарнинг 32 фоизи кутубхона ҳақида эшитган, лекин фарзандини унга йўналтирмаган, 11 фоиз ота-она эса кутубхона фаолияти ҳақида ахборотга умуман эга эмас. Қолганлар фарзандлари кутубхона ва унинг жойлардаги филиаллари хизматларидан фойдаланишини маълум қилишди.
Кутубхонанинг фаолияти, унда йўлга қўйилган хизматлар билан аҳолини яқиндан таништириш мақсадида муассаса маъмурияти билан суҳбатлашдик.
Республика болалар кутубхонаси 1965 йилда Алишер Навоий номидаги давлат кутубхонасининг «Ўсмирларга хизмат кўрсатиш бўлими фонди» негизида Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, вилоятлардаги болалар кутубхоналари учун илмий-услубий марказ сифатида ташкил этилган.
220 мингдан ортиқ китоб захирасига эга бўлган кутубхона боғча ёшидаги болалардан тортиб умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчиларигача фаолият кўрсатади. Болалар билан бирга келган ота-оналар мутолааси учун мўлжалланган китоблар ҳам мавжуд. Шунингдек, яқин атрофда истиқомат қиладиган кекса нафақахўрлар ҳам кутубхонанинг фаол фойдаланувчилари.

Аудиокитобдан тортиб электрон каталоггача...
Кутубхона директори Дониёр Ўролов китобхонлар учун яратилган турли шароитлар билан таништирди.
– Ўқувчилар бепул обуна бўлган ҳолда, ўзларига ёққан китобни уйга олиб кетиб мутолаа қилишлари мумкин. Болалар учун бепул инглиз тили ва расм чизиш тўгаракларини ташкил қилганмиз. Ўзимиз йўлга қўйган кичкина студияда аудиокитобларни ёзиб, диск кўринишида ҳам тақдим этамиз. Аудио кўринишидаги ва электрон форматга ўтказилган китоблар kitob.uz, odob.uz, taqvim.uz сайтларига жойлаштириб борилади.


















