Инсон ўзи хасталанса-бир азоб, ҳали гўдак фарзандининг хасталигини кўриб-билиб унга даво топа олмаслик эса минг азобдир. Бу мурғак қалб эгалари салгина безовта бўлса ҳам жонимиз бўғзимизга келади, бироқ жиддий дард билан хасталанса-чи? Буни тасаввур қилишнинг ўзи азобли, шундай эмасми? Kun.uz ижодий гуруҳи шундай азобни бошидан ўтказаётган оиланинг дарагини эшитди ва уларнинг хонадони томон йўлга отланди.
5 ойлик фарзанди Абдусолиҳнинг жигар циррозидан азият чекаётганлиги сабабли отаси Акмал Деҳқонов таҳририятга мурожаат йўллаган эди.
Видео: Mover (tas-x)
Видео: Youtube
«Ўғлимиз Абдусолиҳ сариқлик билан туғилди. Кейинчалик аҳволи яхшиланмади, аксинча ёмонлашди. Шифохонада қўлдан келганча даволанишни ўтамоқда. Республика педиатрия марказида 3 марта ётдик. Фарзандимга жигар циррози ташхиси қўйилди. Аллоҳдан умид қилиб турибмиз. Боламизни трансплантацияга буюришган. Бу эса четда (Ҳиндистон) бўлар экан. Абдусолиҳ 5 ойлик. Аҳволи кундан-кунга ёмонлашиб, қорни катталашиб бормоқда. Донорликни ўзимиз қиламиз. Шунда ҳам операцияга 30 минг АҚШ доллари кетар экан. Ҳозирда бисотимда автомобилим бор. Сотувга қўйганман. Аммо, маблағ катта...
Савоб илинжида ёрдам қиладиган инсонлардан умиддамиз», – дейди кўз ёшларини тиёлмаётган ота.


Беморнинг ҳолати ҳақида аниқроқ маълумот олиш мақсадида Абдусолиҳ даволанаётган Республика педиатрия илмий марказига бордик. У ерда беморнинг шифокори, педиатр Дилшод Юсупов билан учрашишдик.
«Бемор 2018 йил 15 августда туғилган. Бизга октябрь ойида мурожаат қилган. Мурожаат вақтида туғма гепатит ва ўт йўллари дискинезияси билан келишган. Келганида тўлиқ диагностика бўлмагани туфайли бу ерда текширдик. Текширув мутахассислар билан биргаликда олиб борилди. Шундан сўнг, билиар жигар циррози ташхисини қўйдик. Даволанишни кейинги босқичи жигар трансплантацияси, қисман алмаштиришга келишилди. Шу сабабли, жигарни қисман кўчириб ўтказиш тавсия қилинади. Трансплантациядан кейинги диспансер назорати ўзининг турар жойидаги ва бизнинг шифокорлар назоратида бўлади», – дейди олий тоифали шифокор Дилшод Юсупов.


















