Ўзбекистон | 17:55 / 24.01.2019
4801
3 дақиқада ўқилади

Атроф-муҳит ва сув ресурслари соҳасидаги ҳамкорлик - Марказий Осиё ва Евроиттифоқ диққат марказида

24 январь куни Тошкент шаҳрида Европа Иттифоқи - Марказий Осиё юқори даражали VI конференциясида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва яшил иқтисодни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди, дея хабар беради Kun.uz мухбири. Тадбирда Марказий Осиё, Европа Иттифоқи мамлакатларининг атроф-муҳит, иқлим ўзгариши ва сув ресурслари соҳасидаги сиёсат учун масъул вазирлари ва дипломатлари иштирок этишди.

Анжуман табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини бошқариш, туташ цикллар иқтисоди, барқарор ишлаб чиқариш ва истеъмол, иқлим ўзгариши ва сув ресурсларини барқарор ҳамда трансчегаравий бошқаришни қамраб олувчи ЕИ ва Марказий Осиё платформаси доирасида ташкиллаштирилди, унда мазкур йўналишда ҳамкорлик қилишга доир устувор вазифалар белгилаб олинди.

Евроиттифоқнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан ЕИнинг мазкур минтақа вакиллари билан алоқалари мустаҳкамланаётганидан мамнун эканини билдирди.

"Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўзаро ҳамкорликдаги янги ўсиш суръатини инобатга олган ҳолда иқлим ўзгариши ва сур ресурсларини барқарор бошқаришга оид муҳим таклифларни муҳокама қилиш учун ҳамкорлик алоқалари ва биргаликда саъй-ҳаракатларни янада кенгайтириши зарур. Евроиттифоқ бу борадаги тажрибаси ва янги технологиялари билан ўртоқлашишга тайёр", - деди у.

Европа Иттифоқи - Марказий Осиё юқори даражали VI конференциясида 2015 йилдан буён ЕИ ва МО ҳамкорлигида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди. Шунингдек, Атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши бўйича ЕИ-МО ишчи гуруҳининг ваколатлари кенгайтирилди, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини пасайтириш ҳамда яшил иқтисод, туташ цикллар иқтисодини илгари суриш учун инфратузилмага инвестицияни кучайтириш вазифаси белгиланди, ЕИ ва МО ўртасидаги истиқболли ҳамкорликнинг устувор соҳаларини аниқлаб олинди.

Бундан ташқари, Евроиттифоқ ва Марказий Осиё мамлакатларининг атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришлари бўйича ишчи гуруҳининг 2019-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси тасдиқланди.

Мавзуга оид