Мирзиёев Юнусободдаги тажрибани шаҳарнинг бошқа туманларида ҳам татбиқ этиш бўйича топшириқ берди
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 24 январь куни 2019 йилда Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларига оид маълумотлар билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Тошкент иқтисодиётига доир яна бир янгилик – Сергели туманида 100 гектардан зиёд ҳудудда Европа стандартлари бўйича замонавий индустриал технопаркни ишга тушириш режалаштирилган. Бунинг инвесторлар учун қулайлиги шундаки, барча бино-иншоотлар тўлиқ тайёр ҳолда топширилиб, зарур инфратузилма билан таъминланади.
Бугунги кунда технопаркни лойиҳалаш ишлари бошлаб юборилган, ҳозирданоқ 85 фоиз ер тадбиркорларга ажратиб берилган. Бу ерда 10 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш мўлжалланган.
Мутасаддиларга технопаркни тезроқ ишга тушириш, юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Тошкент шаҳрида коммунал хизматлар сифатини ошириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, Юнусобод туманидаги кўп қаватли уйларни бошқариш тизимини тажриба тариқасида профессионал бошқарув компанияларига ўтказиш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.
Юнусобод туманида 1 минг 212 та кўп қаватли уй бор. Режага кўра, ушбу уйларга хизмат кўрсатиш профессионал бошқарув компанияларига берилади. Бунинг натижасида тизимдаги молиявий ҳолатни соғломлаштириш, муаммоли кредитларни ҳал этиш, моддий-техник базани мустаҳкамлашга эришиш кўзда тутилган. Шундай бўлгач, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳам яхшиланади, тун-у кун ишлайдиган авария-диспетчерлик хизмати йўлга қўйилади.
Президент кўп қаватли уйларнинг ҳолати, одамларнинг розилиги бу тизимга боғлиқ эканини таъкидлаб, ушбу тажрибани шаҳарнинг бошқа туманларида ҳам татбиқ этиш, соҳага ихтисослашган кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш бўйича топшириқлар берди.
Тошкент шаҳрида замонавий уйлар, меҳмонхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари ҳамда бошқа иншоотлар барпо этиш, иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш, коммунал хизматлар бошқарув марказини ташкил этиш лойиҳалари юзасидан ҳам тегишли кўрсатмалар берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент корхоналарнинг ўз маблағини яна айлантириб, фаолиятини ривожлантиришга рағбатлантириш кераклиги ҳақида айтганди.
Мавзуга оид
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024
Тошкентда метро станциясида ҳожатини чиқарган эркак бўйича маълумот берилди
13:06 / 06.11.2024