Орол бўйи минтақаси - Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида чиқиндиларни бошқаришнинг янги комплекс тизими йўлга қўйилади. Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Нодиржон Юнусов Kun.uz мухбирига берган интервьюсида шу ҳақида маълум қилди.

"Бугунги кунда республикамизда энг устувор бўлиб турган вазифалардан бири, албатта, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Орол бўйи ҳудудида ижтимоий-иқтисодий, экологик ҳолатни яхшилашга йўналтирилган янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобланади. Бу борада Давлат экология қўмитаси томонидан бугунга қадар қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифи давомида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида чиқиндиларни бошқаришнинг янги комплекс тизимини жорий қилишга йўналтирилган инвестицион лойиҳани амалга ошириш бўйича бирламчи келишувларга эришилди", - дейди Юнусов.

Давлат экология қўмитаси раиси Баҳром Қўчқоров ўз интервьюсида биргина Қорақалпоғистоннинг ўзида 31 та чиқинди полигони борлиги, уларнинг сонини қисқартириш кераклиги ҳақида айтган эди.

"Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан келишув асосида ушбу лойиҳани бошладик. Шундай бўлса-да, лойиҳа бошқа донор-давлатлар учун ҳам очиқ", - дейди Қўчқоров.

Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Нодиржон Юнусовнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи - Марказий Осиё юқори даражали VI конференцияси давомида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Италиянинг Атроф-муҳит, ер ва денгиз ресурслари вазирлиги ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми доирасида қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилган.

"2018 йилда Ўзбекистонда иқлим ўзгариши бўйича Париж келишуви ратификация қилинди. Бунинг натижасида Ўзбекистон томон келгусида иқлим ўзгаришига сабаб бўлувчи газларнинг ҳавога ташламаларини камайтириш бўйича, глобал исишга қарши бир қатор чоралар кўрилиши белгиланди. Италия томон билан ўзаро музокаралар давомида ушбу йўналишда ҳам янги технологияларни жорий қилиш ва Италиянинг атроф-муҳит муҳофазаси йўналишдаги кўникмалари ва амалиётини Ўзбекистонга жалб қилиш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Ўтган даврга назар ташлайдиган бўлсак, Марказий Осиёда Европа Иттифоқи кўмагида бир қатор лойиҳалар амалга оширилган бўлиб, уларнинг асосий йўналишлари - биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилишга қаратилган",