26 январь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Венесуэладаги вазиятни муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилиш ўтказди.
Кутилганидек, йиғилишда давлатлар икки позицияга ажралди: Ғарб давлатлари Венесуэлада муддатидан олдинги сайловлар ўтказилиши кераклигини таъкидлади, Россия ва Хитой эса вазиятга аралашиш учун асос йўқлигини иддао қилди.
БМТ ХК йиғилишида сўз олган АҚШ Давлат котиби Майк Помпео барча томонларни Мадуронинг «мафия режими»ни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирган.

«Ким қайси томондалигини танлаш вақти келди. Ўйин тугади, энди ҳеч қандай кечиктириш йўқ», деган Помпео.
АҚШ Давлат департаменти раҳбари айнан Мадуро Венесуэлани оғир аҳволга келтириб қўйганини айтиб ўтган. Унга жавобан Россия вакили бу мамлакатнинг ички ишларига аралашиш, вазиятни янада издан чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирган.
«Венесуэла дунёдаги тинчликка ва хавфсизликка таҳдид солаётгани йўқ. Агар шундай вазият юзага келса ҳам, бу Қўшма штатлар ва унинг иттифоқчиларининг бу мамлакатнинг қонуний президентини (Николас Мадуро) ағдаришга қаратилган ҳаракатлари оқибати бўлади», деган РФнинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя.

БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоларига Европа Иттифоқи давлатларининг Мадурога ультиматуми ифодаланган баёнот ҳам тақдим этилди. Унда яқин ҳафталар ичида Венесуэлада муддатидан олдинги сайловлар ўтказилмаса, Европа давлатлари мухолифатчи Хуан Гуайдони қонуний президент сифатида тан олиши билдирилган.
БМТ ХКнинг фавқулодда йиғилишидан бир неча соат олдин Испания бош вазири Педро Санчес, Франция президенти Эммануэль Макрон ва Германия ҳукумати вакили Мартин Фульц ҳамда Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Жереми Ҳант томонидан 8 кун ичида Венесуэлада «адолатли, эркин ва шаффоф» сайловлар ўтказилмаса, Хуан Гуайдо мамлакатнинг янги президенти сифатида тан олиши маълум қилинганди.
«Испаниянинг Лотин Америкаси олдида ўзига хос масъулияти бор... биз қайсидир ҳукуматни ўзгартириш ёки ағдариш ниятида эмасмиз, фақат Венесуэлада эркин сайловлар бўлиб ўтиши ва демократия ўрнатилишини истаймиз», дейилган Испания бош вазири баёнотида.
Франция ва Германия ҳам шу каби баёнотлар билан чиқиб, Венесуэлада сайловлар ўтказилиши талаб қилишди.


















