Мухлислари бисёр спорт тури бўлган футболда шов-шувли воқеалар жуда кўп содир бўлади. Ўзи аслида ҳам тўп ўйини фақат майдондаги эмас, балки стадиондан ташқарида юз берадиган ғавғолари билан қизиқ.

Европа майдонларида миллий биринчиликлар авжига чиққан бўлса, юртимиз жамоалари янги мавсумга тайёргарлик ишлари билан банд. Клублар ўз таркибини шакллантириш ва турли ўқув-йиғинларига зўр беришган.

Бир ойдан бери миллий чемпионатимизга қизиқувчи мухлисларни бир савол қийнаб келмоқда: кўп йиллардан бери «Навбаҳор» таркибида майдонга тушиб келаётган, миллий терма жамоа аъзоси Азиз Турғунбоев янги мавсумни қайси клубда бошлайди?.

Январь ойи бошида «Пахтакор» клуби уч нафар футболчи билан шартнома имзолаганини эълон қилган, Акром Комилов, Сардор Собирхўжаев ва Азиз Турғунбоевдан иборат рўйхат ПФЛга тақдим қилинган. Демак, кўриниб турибдики, ПФЛ томонидан қабул қилинган тегишли ҳужжатлар ва қоидаларга кўра, Азиз Турғунбоев «Пахтакор» аъзосидир. Бу вақтда эса Қримда ўқув-йиғини ўтказаётган «Навбаҳор» клубининг телеграм канали Азиз Турғунбоев машғулотларга қўшилгани ҳақида хабар тарқатди.

Қизиқ ҳолат. Бу тушунмовчиликка ойдинлик киритиш мақсадида, ПФЛ ташкилоти масъуллари, «Пахтакор» ва «Навбаҳор» клублари ҳамда Азиз Турғунбоев билан боғландик.

«Пахтакор» клуби матбуот котиби Бекзод Назаров қуйидаги маълумот берди: «Айни пайтда футболчи Азиз Турғунбоев мавжуд ҳужжатларга асосан «Пахтакор» аъзоси саналади. ПФЛ қоидаларга кўра, клуб футболчи билан шартнома имзолаганидан сўнг, икки томонлама тузилган ҳужжатни бир ой муддат ичида ПФЛга тақдим қилиб, рўйхатдан ўтказади. Агар мана шу жараён амалга оширилмаса, шартнома тан олинмайди. «Пахтакор» клуби январь ойининг бошида ўйинчи билан расмийлаштирилган шартномани ПФЛга берган. Январь ойи тугаб бормоқда, «Навбаҳор» клуби ҳали бундай ҳужжатни ПФЛга тақдим қилгани йўқ».

Азиз Турғунбоев ҳозир «Навбаҳор» клуби билан бирга йиғинларда иштирок этяпти. Клуб матбуот котиби Улуғбек Умаровга юзландик. Афсуски, «Лочинлар» ходими иложи борича «Турғунбоев машмашаси» тўғрисидаги саволлардан қочишга ҳаракат қилди. Берган жавоблари ҳам тумтароқ бўлди. Унинг жавоби қуйидагича: «Мен футболчини клубимиз билан шартнома тузган ёки тузмаган ҳам деёлмайман. Азиз Турғунбоев Наманган футболи тарбияланувчиси. Барча саволларингизга клубимиз интернет саҳифасида жавоб бор. Азиз Турғунбоев дарвозабон Ўткир Юсупов билан бирга БААдан қайтиб, Қримда шуғулланаётган таркибга қўшилган. Ортиқча нарса сўраманг. Бу борада клуб раҳбарларига мурожаат қилганингиз маъқул».